Инсон онгида иккита бунёдкор ва вайронкор ғоялар ўртасида доимо кураш кечади. Иродаси мустаҳкам, эътиқоди бут бўлган инсон ёд ғояларга учиб, тўғри йўлдан адашмайди. Йигирманчи аср ахборот технологиялари асри. Бу даврга келиб, инсон онгига бўлган турли даражадаги хуружлар сафи икки баробар ошди. Бузғунчи ғояларни тарғиб қилишни мақсад қилган, ўзининг пуч ғояларига содда инсонларни эргаштирувчи турли гуруҳларнинг мақсади ягона. У ҳам бўлса, инсон онгини захарлаш, бунғунчилик ғояларини тинч давлатларда амалга ошириш.
Диний ақидапарастлар ўз қабих мақсадларини амалга оширишда турли йўллардан фойдаланишади. Шу ўринда кейинги пайтда айрим ҳудудларда авж олиб бораётган диний секталар ҳақида тўхталмоқчимиз.
Диний секта деганда эътироф этилган йирик диний йўналишларнинг расмий ақидаларидан фарқли тарзда фаолият олиб борадиган диний гуруҳлар тушунилади. Шунингдек, ушбу тушунча мавжуд динлар ва конфессияларга умуман алоқаси бўлмаган ҳолда дин байроғи остида фаолият кўрсатадиган гуруҳлар тушунилади. Бугунги кунда ҳар иккала йўналишга мансуб бўлган кўплаб секталар фаолият кўрсатмоқда. Мутахассислар уларнинг сонини тахминан 5000 атрофида деб баҳолайдилар.
Айтиш жоизки, замонавий воқелик диний - экстремистик ҳарактердаги секталарнинг инсон онги ва қалби учун кураш йўлидаги фаолиятининг жонланиши кузатилаётганини кўрсатмоқда. Секталар аҳолининг диний билимлари пастлигидан фойдаланиб, охиратнинг яқинлиги билан қўрқитиш ҳамда асосан ёшлар ва моддий аҳволи ночор бўлганлар ичида иш олиб бориш йўли билан ўз тарафдорларини кўпайтиришга ҳаракат қилмоқдалар. Бундай секталарга асос солган “авлиё”лар ўз издошларини алдаш йўли билан уларнинг мол-мулкларига эгалик қилишга уринмоқдалар. Яширин фаолият олиб бориши, секта ичида бўлаётган воқеаларнинг кўпчиликка маълум бўлиб қолмаслигининг қаттиқ назорат қилиниши улар фаолиятидан жамоатчиликнинг бехабар қолишини келтириб чиқармоқда.
Маълумот ўрнида
Угандадаги “Охират куни” сектаси бошлиқларининг фаолияти бунга мисол бўла олади. Охиратни 1999 йилнинг 31 декабрига “белгилаган” ушбу секта раҳбарлари ўз тарафдорларини мол-мулкларини сотиш, тушган маблағни уларга беришга ва шу йўл билан гуноҳлардан фориғ бўлишга чақирган. Қиёматнинг 2001 йил 1 январга “кўчирилиши” секта раҳбарларига нисбатан шубҳа уйғонишига олиб келган. Шундан сўнг раҳбарлар Канунгу қишлоғида 500 дан ортиқ ўз тарафдорларини алдаб бир жойга тўплаб, устларидан ёпиб бинога ўт қўйиб юборишган. Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, тезкор тадбирларни ўтказган полиция яна тўрт жойда оммавий қабрларни топган. Умуман бу сектанинг қурбонлари 1000 дан ортиқ бўлгани қайд қилинган.
Аксарият мусулмонлар «секта» деганда ўрта асрларда юзага келган “Ассасинлар” ёки «Аум Синрике» каби янги пайдо бўлган сохта диний фирқаларни тушунадилар. Бундай адашган гуруҳлар асрлар давомида бўлиб келган. ХХ асрдаги келиб, улар сони, турлари чунонам кўпайдики, бу ҳол ўтмишга насбатан хавотирли кўриниш олди. Секталарнинг барчасига хос бўлган хусусият - эътиқод ва ибодат масалаларида дастлабки дин ёки ўзларини қарши қўяётган дин билан ихтилофда бўлишдир. Айнан мана шу хусусият уни сектага айлантиради. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳар бир секта ўзини «ягона тўғри этувчи йўл» деб таърифлайди.
Психолог мутахассисларнинг айтишларича, инсонда учта табиий эҳтиёж – ғаризалар бор. Секталар ана шу ғаризаларни қондиришга чорлаш орқали тузоқларини қўядилар. Бу ғаризалар қуйидагилардан иборат:
1) бирон нарса билан умумийликда бўлиш;
2) тизимлилик, мунтазамлик хусусиятига эга бўлиш;
3) атрофдаги инсонлар ўртасида алоҳида эътиборга, аҳамиятга эга бўлиш
Америкалик психолог Сухдео бу борада шундай дейди: «Замонавий жамиятда зиддиятлар шу қадар кўп ва улардан бирортасини танлаш шу қадар қийинлашиб кетганки, ҳатто инсонлар ўзларича эркин қарор қабул қилишга ҳам ожиз бўлиб қолганлар. Улар ўзлари учун бировлар қарор қабул қилишини, ўзлари оддийгина бошқаларнинг кўрсатмалари билан яшашни ҳоҳлаб қоладилар». Айнан секталар эса бундан усталик билан фойдаланадилар. Улар кишиларнинг ҳатти-ҳаракатларини қаттиқ қоидалар доирасига солиб қўядилар. Қаттиқ интизом талаб қиладилар, бу борада шу қадар чуқур кириб кетиладики, ҳатто оғир меҳнат, калтаклаш ва қамаб қўйиш каби ишлар амалга оширилади. Баъзи секталар байъат ва қасамлардан унумли фойдаланадилар ва бу ҳақдаги диний тушунчаларни ўзларича эркин таъвил қиладилар.
Ер юзидаги диний секта борки, у ҳамиша ғараз мақсадларни амалга ошириш йўлида ҳеч қандай қабохатдан тап тортмайди. Бу аччиқ ҳақиқатларни била туриб, тўғри йўлидан адашган, ёлғон қурбонига айланган инсонлар одам савдосига аралашиши ҳам ҳеч гап эмас. Шундай экан, ҳамиша oгоҳ бўлиш, диний секталарга қарши курашиш, бунга ёшларни атрофдагиларни чақириш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
М.Юсупова