17 август куни Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани «Ғур-Ғур» маҳалласи ҳудудида содир бўлган мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида олти киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабар берди.
М-41 Термиз—Жарқўрғон автомобиль йўлининг 1591-километрида 1990 йилда туғилган У.А. исмли Cobalt ҳайдовчиси автомобилида қувиб ўтиш қоидаларини бузиб, бошқарувни йўқотиши оқибатида қаршисидан келаётган С.Н. (1993 йилда туғилган) бошқарувидаги Spark билан тўқнашув содир этган.
ЙТҲ натижасида Spark ҳайдовчиси, ушбу автомобиль йўловчиси 30 ёшли М.Т. ҳамда Cobalt йўловчилари 31 ёшли С.Ш. ва 2 ойлик М.А. воқеа жойида ҳалок бўлган. Шунингдек, Spark йўловчиси 26 ёшли Г.Х. ва Cobalt йўловчиси 5 яшар М.А. оғир тан жароҳатлари олиб шифохонада вафот этган.
Spark русумли автомобиль йўловчилари 30 ёшли Н.Х., 23 ёшли А.Э., Cobalt ҳайдовчиси У.А. ва ушбу автомобиль йўловчилари 1 ёшли А.У., 23 ёшли М.Р. ҳамда Р.И. тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Жарқўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.