Жиззахда “Истиқлол авлоди” ННТ ёшларни зўравон экстремизм таъсирига тушиб қолишини олдини олувчи лойиҳани амалга оширади

Улашиш:

Бугунги кунда турли ғояларни тарқатишнинг асосий воситаси бу  “Интернет” бўлиб, усиз биз ҳаётимизни тасаввур қила олмаймиз. Турли хил радикал экстремистик ташкилотларнинг PR-менежерлари жуда “таъсирчан” ёшларнинг онгига самарали таъсир кўрсатадиган Интернет воситаларини яхши билишади. Радикал ташкилотлар зўравон эктремизмнинг ташвиқотида ишлатиладиган мафкура ёшларда юзага келадиган мураккаб саволларга оддий жавоблар таклиф қилишади. Бундай жавоблар одатда янглиш диний ақидаларга, сураларни, Қуръон оятларини ва пайғамбарнинг ҳадисларини нотўғри талқин қилишга асосланган.

Шундай қилиб, улар аввало ёшларнинг онгини методик жиҳатдан “форматлаштиришга” ҳаракат қилмоқдалар, сўнгра аста-секин қуролли “жиҳод” усулларидан фойдаланиб, “атрофимиздаги дунёни ўзгартириш” чақириқларига ўтмоқдалар.

Яхшиямки, Ўзбекистонда сўнгги 15 йил ичида биронта ҳам террористик ҳужум амалга оширилмаган. Бироқ, мамлакатга кириб келаётган зўравон экстремизм ғоялари тарқалиши натижасида ёшларнинг радикаллашиши хавфи сақланиб қолмоқда. Аслида, бундай жараёнлар Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам фаол амалга ошаётганини кузатиш мумкин. Шунинг учун Ўзбекистонда давлат: зўравон экстремизм ғояларининг тарқалишига ва жамиятнинг, айниқса ёшларнинг радикаллашишига қарши курашиб келяпти. Ушбу икки асосий тенденция ҳозирги пайтда ҳукуматни кўпроқ ташвишга солмоқда. Ёшлар ўртасида, айниқса террорчилик хусусиятига эга жиноятларнинг олдини олиш ҳар доим Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб келган.

Жиззах вилоятидаги “Истиқлол авлоди”  ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказининг  янги лойиҳасида айнан шу масалаларга оид  кўникмалар оширилади. Бугун марказ биносида вилоят жамоатчилиги билан кўп томонлама  мулоқот ўрнатиш орқали ёшлар ва масъул ходимлар билим савиясини ошириш лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.

Назифа Камолова - ННТ раҳбари

- Лойиҳа ижрочилари вилоятда ижтимоий ҳамкорлик  асосида тенгдошлар билан тенглик ёшлар тармоғини яратиш устида иш олиб борадилар, - дейди марказ раҳбари Назифа Камолова. - Ушбу фаолият келажакда Жиззах шаҳрида зўравон экстремизм дастурлари учун иккита муҳим тармоқни яратишга қаратилган. Зўравон экстремизм ва радикализмга мойиллиги бўлиши мумкин бўлган ва хавф остида бўлган ёшларга унинг хатарлари тўғрисида тушунчалар берилади.

Мазкур лойиҳа DAI фонди USAID  томонидан молиялаштирилади. Уни амалга ошириш давомида Жиззах  вилоятида “Истиқлол Авлоди” ННТ “Тенгдош тенгдошга усули” орқали  ёшлар тармоғини яратиш ва жамиятда кўп томонлама мулоқот ташкил қилиш натижасида  зўравон экстремизмнинг олдини олишда  ижтимоий шерикликни яратиш бўйича фаолият йўлга қўйилади. Лойиҳа давомида ёшлар билан бирга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда диний идоралар вакиллари кўмагидан фойдаланилади.

Ҳ.Фозилов – Sangzor.uz бош муҳаррири

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.