Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди Нурхон Нафасовни Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси (ЎКМФ) раҳбарлигидан ноқонуний бўшатилган деб топди ва уни лавозимга тиклаш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарди.
Гап шундаки, 1996-2006 йиллар мобайнида мазкур федерацияни бошқарган Нурхон Нафасов ўн икки йиллик танаффусдан сўнг (2018 йил, май) яна Ўзбекистон КМФ раҳбарлигига сайланганди. Бироқ орадан тўрт ой ўтмай, у можароли тарзда лавозимдан четлатилади.
Маълум бўлишича, шундан сўнг Нурхон Зиётович Нафасов ЎКМФга нисбатан федерациянинг 2019 йил 30 декабрь кунидаги 2-сонли буйруғини ғайриқонуний деб топиб, федерация президенти лавозимига ишга тиклаш, федерациянинг 2019 йил 28 декабрь кунидаги навбатдан ташқари конференцияси йиғилиши баённомаси ва қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат этган.
Ўз навбатида, Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси Нурхон Нафасовга нисбатан даъво аризаси билан чиққан. ЎКМФ ташкилотга тегишли бўлган мулкларни олиб бериш, думалоқ ва кичик ҳажмдаги муҳрларни ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилган.
Мазкур иш фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси З.М.Тўраев раислиги кўриб чиқилган ва жорий йилнинг 20 октябрида ҳал қилув қарори чиқарилган.
Унга кўра, Ўзбекистон каратэ миллий федерациясининг 2019 йил 28 декабрдаги навбатдан ташқари конференция йиғилиши баённомаси ва қарори ҳақиқий эмас деб топилган. Ўзбекистон каратэ миллий федерациясининг 30.12.2019 йилдаги Нурхон Нафасовни Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси президенти лавозимидан муддатидан илгари озод этиш тўғрисидаги 2-сонли буйруғи ғайриқонуний деб топилган ва у федерацияси президенти лавозимига тикланган.
Даъвогар Ўзбекистон каратэ миллий федерациясининг жавобгар Нурхон Нафасовга нисбатан федерацияга тегишли бўлган мулкларни олиб бериш, думалоқ ва кичик ҳажмдаги думалоқ шаклдаги муҳрларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарши даъво аризаси қаноатлантиришдан рад қилинган.
Жавобгар Ўзбекистон каратэ миллий федерациясидан даъвогар Нурхон Нафасовнинг фойдасига даъво ариза беришда тўланган 446 000 сўм миқдоридаги давлат божи ва 31 400 сўм миқдоридаги почта харажатлари ундирилган.
Жавобгар Ўзбекистон каратэ миллий федерациясидан давлат фойдасига 446 000 сўм миқдоридаги давлат божи ундирилган.
Суднинг мазкур ҳал қилув қарори қонуний кучга кирмаган бўлиб, ҳал қилув қарори устидан қарор чиқарилган кундан эътиборан йигирма кун ичида шу суд орқали фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига апелляция тартибида ёки апелляция тартибида кўрилмаган ва қарор қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида кассация тартибида шикоят берилиши ёхуд протест келтирилиши мумкин.