InnoWeek.uz-2020 онлайн форматда ноёб платформада ўтказилади

Улашиш:

Бугун Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 3-8 ноябрь кунлари ўтказиладиган  “InnoWeek.uz” Инновацион ғоялар ҳафталиги арафасида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Мазкур ҳафталик илк бор “онлайн” платформа орқали ўтказилади. “InnoWeek.uz-2020” Инновацион ғоялар ҳафталигида 30 дан зиёд мамлакат, нуфузли халқаро ташкилот ва компаниялар вакиллари, Австрия, Буюк Британия, Нидерландия, Италия, Исроил, Россия, АҚШ ва бошқа мамлакатларнинг илм-фан ва инновациялар соҳасидаги етакчи мутахассислари қатнашадилар.

InnoWeek.uz-2020” Инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида Халқаро инновацион-инвестицион форум, Халқаро инновацион кўргазма, Робототехника бўйича халқаро мусобақа, Осиё-Тинч океани технологиялар трансфери маркази (ОТТТМ) билан ҳамкорликда минтақавий семинар, Халқаро ёшлар инновацион форуми, Европа Иттифоқининг “Европа уфқлари” экспертлари иштирокида вебинар, “Ишланмалар банки” платформаси тақдимоти, “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони билан тақдирлаш ва “Илм-фан ва тараққиёт” мавзуидаги энг яхши публицистик мақолалар танлови ғолибларини тақдирлаш маросимлари ўтказилиши режалаштирилган.

Мазкур ҳафталикда иштирок этиш учун InnoWeek.uz онлайн платформасига кириш кифоя. Халқаро инновацион кўргазманинг “онлайн” платформасида мамлакатимиз ва дунёда яратилаётган илғор ишланмалар билан танишиш имконига эга бўласиз. Халқаро инновацион кўргазманинг “онлайн” платформасида  83 та стенд бўлиб, шундан 30 таси чет эл компанияларининг стендлари ҳисобланади.

Халқаро инновацион кўргазманинг “онлайн” платформаси қуйидаги 6 та блокдан ташкил топган бўлиб, А-блокда Инновацион ривожланиш вазирлиги, ҳамда унинг тизимдаги ташкилотлари ва мамлакатимизнинг йирик компанияларининг стендлари жойлашган. B-блокда ишлаб чиқариш соҳасига мансуб корхона ва ташкилотлар ҳамда C-блокда соғлиқни сақлаш ва саноат соҳасида фаолият  юритувчи ташкилотлар стендлари жой олган. Олий таълим муассасалари ва Илмий тадқиқот институтларининг стендлари билан танишмоқчи бўлсангиз, D-блокка йўналишингиз талаб этилади. E-блокда Ахборот технология ва юқори технологиялар соҳасига оид компанияларнинг стендлари билан танишишингиз мумкин. Қишлоқ ва сув хўжалиги, Қурилиш ва архитектура, ҳамда бошқа соҳаларга тегишли бўлган ташкилотларнинг илғор технологияларга асосланган маҳсулот ва хизматлари тўғрисидаги маълумотлар F-блокда жамланган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.