Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг махсус вакили Дэвид Набарро 2021 йилнинг бошида Европада COVID-19нинг учинчи тўлқини бошланиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда «Deutsche Welle» хабар берди.
Набарронинг фикрига кўра, зарур инфратузилма яратилмаса, воқеаларнинг бундай ривожи муқаррар.
«Ёз ойларида улар биринчи тўлқинни ўз назоратларига олганларидан сўнг керакли инфратузилмани яратишни қўлдан чиқаришди. Шу боис иккинчи тўлқинга дучор бўлдик. Агар улар зарур инфратузилмани яратишмаса, кейинги йилнинг бошида учинчи тўлқин бошланади», — деди ЖССТ махсус вакили.
Набарро Европани Осиё мамлакатларидан ўрнак олишга чақирди: вирусга тез ва қатъий чора кўриш керак.
«Вирус дастлабки пайтларда жуда секин тарқалади. Агар қатъиятсизлик қилинса, муаммо жуда тез катталашиб кетади»,— дея огоҳлантирди жаноб Набарро.
ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесуснинг маълум қилишича, охирги бир ой давомида аниқланган коронавирус ҳолати пандемиянинг дастлабки олти ойи билан солиштирганда кўпроқ қайд этилган. Умумий касалланганлар сони 58 миллион кишидан ошиб кетди.