АОКА расмий баёнот берди

Улашиш:

Сўнгги кунларда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА)нинг бир қатор сайтларига юборган огоҳлантириш хатлари кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Сайтлар буни «босим ўтказиш» ва «...ҳаддан ортиқ ўринсиз ва мантиқсиз» деб баҳолади.

Ташкилот мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот билан чиқди.

Унда қайд этилишича, агентлик Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органи ҳисоблангани боис аниқланган қонун талабларига риоя этмаслик ҳолатлари юзасидан огоҳлантириш, кўрсатма ва тақдимномалар бериш ваколатига эга.

Баёнотда 20-23 ноябрь кунлари оммавий ахборот воситаси сифатида давлат рўйхатига олинган бир қатор веб-сайтларига амалдаги қонунчилик талабларига мос келмайдиган ахборотларни тарқатиш ҳолатлари бўйича огоҳлантириш хатлари юборилгани айтилади.

Мисол учун, «Kun.uz» нашрига «ўз сайтида ижтимоий тармоқлардаги айрим фойдаланувчиларининг турли шарҳлари, ҳақоратли фикрлари ва чақириқлари жамоатчилик фикри сифатида тақдим этилгани учун» огоҳлантириш хати берилган.

Шунингдек, «Gazeta.uz», «Daryo.uz», «Podrobno.uz», «Repost.uz» веб-сайтлари «коронавирус инфекцияси билан касалланганлар статистикаси шубҳа остига олинган ва ушбу масала юзасидан расмий изоҳлар тақдим этилмагани» учун огоҳлантирув олган.

«Агентлик журналистиканинг асосий мақсади — жамиятга ҳар томонлама текширилган, барча нуқтаи назарлар мужассамлашган, холис ахборотни масъулият билан етказишдан иборат эканига ишонади», дейилади баёнотда.

Якунда агентлик журналист ва блогерларга давлат органларининг ОАВ билан конструктив ва очиқ мулоқотда бўлишлари учун ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган, шунингдек, мамлакатда сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситалари ривожланишини таъминлашни кафолатлаган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.