Гулнора Каримова Швейцариядаги судда ғолиб чиқди

Улашиш:

Ўзбекистон биринчи президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Швейцарияда ўтган судда ғолиб бўлди. Бу орқали у банкда музлатилган қарийб 350 миллион долларлик активга эгалик ҳуқуқини олишга уриниб кўриш имконига эга бўлди.

3 декабр куни Швейцария федерал апелляция суди Гулнора Каримовани Гибралтар офшор ҳудудида рўйхатдан ўтган Takilant Ltd. компаниясининг ҳуқуқий эгаси деб топиш тўғрисидаги аризани қаноатлантирди. Ушбу компаниянинг Швейцария банклари ҳисоб-рақамидаги қарийб 350 миллион доллар миқдоридаги активлари 2018 йили қабул қилинган жиноят иши қарори билан музлатилганди.

Bloomberg хабарига кўра, жиноят иши доирасида фақат Б. (суд жиноятчининг исм-шарифини ошкор этмаган) айбли деб топилган. У ҳужжатларни сохталаштириш, ноқонуний даромадларни легаллаштириш, Каримова номидан очилган компаниялар орқали поралар олишда айбдор деб топилган.

«Бу Гулнора Каримова учун муҳим ғалаба, федерал прокуратура (Швейцарияда – таҳр.) унинг активларини мусодара этишга эришмоқчи эди», – деган Каримованинг адвокати Грегуар Манжа.

Каримова Ўзбекистондаги иқтисодий жиноятлари учун 2015–2020 йилларда уч марта судланган. 2020 йил мартида унга 13 йил-у 4 ой қамоқ жазоси тайинланган. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуйи бўйича жазо тайинланганини инобатга олган ҳолда, жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланган.

2020 йил майида Ўзбекистон ҳукумати Франциядан 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги активларни қайтариб олганди. Бош прокуратура Швейцария федерал прокуратураси билан ҳамкорликда экспертларни жалб қилган ҳолда Гулнора Каримованинг Женева шаҳрида жойлашган вилласида ўтказилган тинтув вақтида аниқланган ва хатланган 70 турдаги санъат ашёлари (картиналар, амалий санъат ва ҳунармандчилик асарлари ва ҳоказолар)нинг Ўзбекистонга қайтарилиши бўйича ишлар олиб борилаётганини билдирганди.

Июн ойида эса Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1,3 миллиард АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги мулкларни қайтариш бўйича Швейцария, АҚШ, Франция, Россия каби давлатлар билан ҳамкорликдаги ишлар давом этаётгани тўғрисида хабар берилганди.

Сентябрда эса Швейцария ҳукумати 2012 йилда Гулнора Каримовага тегишли бўлган ҳисобрақамлардаги маблағлардан 131 миллион долларга тенг активларни Ўзбекистонга қайтаришга розилик берганди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.