«Samsung» компаниясининг мобил қурилмалар бўлинмаси президенти Тэ Мун Ро 2021 йил январидаги «Galaxy S21» тақдимоти тафсилотларини очиқлади. Унинг сўзларидан кўпдан бери кезиб юрган миш-мишларга ҳам ойдинлик киргандек — гап бу ерда янги флагманда S Pen стилуси бўлиш-бўлмаслиги хусусида.
Президентнинг айтишича, «Galaxy Note» туркумидаги кўпчиликка маъқул опциялар бошқа қурилмаларда ҳам татбиқ этилади. Катта эҳтимол билан у айнан стилусни назарда тутган. Албатта, бу баёнотдан сўнг беихтиёр компания «Note» туркумининг ўзидан воз кечишни режалаштирмаётганмикан деган фикр туғилади, чунки бу қурилма асосан S Pen стилуси билан бошқалардан ажралиб туради.
Январдаги тақдимотда ҳаммасини билиб оламиз. Дарвоқе, Ро компания буклама смартфонларини ҳамёнбопроқ қилиш устида изланаётганига ҳам тўхталиб ўтган.