Режиссёр, сценарийлар муаллифи ва клипмейкер Баҳодир Йўлдошев Ўзбекистонда "буюк тарихий блокбастерлардан бири" тайёрланаётгани, унда "жаҳон киносининг энг машҳур актёрлари иштирок этиши”ни айтган.
Бу ҳақида режиссёр Тошкентда ўтказилган Маданий мерос ҳафталиги давомида маълум қилди.
Баҳодир Йўлдошев таниқли клипмейкер ҳисобланиб, Шаҳзода, Сўғдиёна, “А-Студио” гуруҳи, Максим, Нюша ва бошқа шу каби юлдузлар билан ишлаган. У 1974 йилда Тошкентда таваллуд топган.
Унинг сўнгги иши - Шарқнинг буюк мутафаккири ва Самарқанд ҳукмдори Мирзо Улуғбекнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақидаги "Коинот сирларини очиб берган инсон" номли тарихий ҳужжатли фильмдир.
Фильм 74-Венеция кинофестивалида "Энг яхши хорижий ҳужжатли фильм” номинациясида, “Кинео" мукофотини қўлга киритган ва 2017 йилда Искья оролида бўлиб ўтган кинофестивалда "Энг яхши ҳужжатли фильм" номинациясида ғолиб бўлган.