“Ювентус” Шомуродов масаласига ойдинлик киритди

Улашиш:

“Женоа”да ўзини кўрсата бошлаган Элдор Шомуродовга Италиянинг энг қудратли клуби “Ювентус” қизиқа бошлагани ҳақидаги хабар Италия, Россия, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар оммавий ахборот воситаларида катта шов-шувларга сабаб бўлди.

Дарҳақиқат, ўзбекистонлик ҳужумчи “Ростов”дан А Серия жамоасига бориб қўшилганидан кейин катта қийинчиликларни енгиб ўтишига тўғри келди. Ҳамюртимизга ёзги трансферлар мавсумида Италиянинг “Женоа”, “Фиорентина”, “Верона” сингари таниқли жамоалари оғиз солган бўлса-да, ростовликлар молиявий жиҳатдан энг яхши таклифни берган Генуя шаҳри жамоаси шартномасини қабул қилди.

Элдорнинг трансфери турли бонуслар билан Италиянинг энг қадимги жамоасига қарийб 9 миллион еврога тушганидан хабарингиз бор.

Шомуродов Генуяга йўл олган кунлари “Женоа” клубида коноравирус эпидемияси тарқалди. Натижада ҳамюртимиз янги жамоадошлари билан кўришмай туриб, Ўзбекистонга қайтди ва бош жамоамиз йиғинида иштирок этди.

“Женоа” учун дастлабки икки учрашувда ўзини кўрсата олмаган Элдор кейинчалик машғулотда жароҳат олди. Бунинг оқибатида ҳужумчининг янги чемпионат ва итальян футболига мослашиши чўзилди. Бу вазиятда Элдорни танқид қилганлар ҳам кўпайди. Шомуродов Италия футболига мос эмаслигини ва тез орада ортга қайтишини таъкидлаганлар ҳам бўлди.

Бироқ, Шомуродов ўша пайтдаги бош мураббий Роландо Маранга нималарга қодирлигини исботлай бошлади. Муваффақиятли ўйинларидан сўнг, асосий таркибдан Горан Пандев ва кейинроқ Жанлука Скамаккани сиқиб чиқарди.

“Женоа” раҳбарияти бош мураббийликка Давиде Баллардинини тайинлаганидан кейин Шомуродов асосий таркибдан чиқариб ташланди. Янги мураббий эски танишларини ўйнатишни маъқул кўрди. Шомуродов эса,бир неча дақиқага майдонга туширилган пайтда ўзига берилган кичик имкониятдан унумли фойдаланиб, яна бошланғич таркиб учун энг муносиб ҳужумчи эканини исботлади. Ўзи иштирок этган сўнгги учта учрашувдаги голларга бевосита ҳисса қўшган Шомуродов ҳозир Баллардинининг ишонган ҳужумчисига айланган.

Албатта, бу муваффақиятлар натижасида Шомуродовга гранд клублар, хусусан, “Ювентус” қизиқа бошлагани ҳақида хабарлар тарқатилди. Ҳозир ҳам бу мавзу тингани йўқ. Бунинг таъсирида Турин суперклуби ҳам вазиятга ойдинлик киритишга қарор қилди. Бу масъулиятни “Ювентус” спорт директори Фабио Паратичи ўз зиммасига олди.

Элдор Шомуродов ва Жанлука Скамакка масаласига аниқлик киритиш учун шуни айтишим керакки, айни пайтда жамоамиз рақобатбардош ҳисобланади. Агар биз трансфер бозорида биз учун ижобий имкониятлар юзага келганини кўрсак, ўшанда бир қарорга келамиз. Ҳозирча, бу борада шошилишга ҳожат йўқ, - деди Фабио Паратичи.

Эслатиб ўтамиз, 25 ёшли Элдор Шомуродов 2020 йилнинг октябрь ойида “Ростов”дан “Женоа”га ўтганидан бери А Серияда жами 11 та учрашув ўтказиб, рақиблар дарвозасинини икки маротаба аниқ нишонга олди ва бир марта голли пас узатди. Шунингдек, ўзбекистонлик ҳужумчи Италия кубоги беллашувида ҳам битта голли пасни амалга оширган.

Шомуродов “Женоа” билан тўрт йиллик шартномага эга.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.