ДХХ фирибгарлик билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларга чек қўйди

Улашиш:

Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси Андижон вилояти бошқармасининг собиқ ходими Андижон туманида жойлашган саноат ҳудудидан 30 сотих ер майдони олиб бериш ва кадастр идораларидаги танишлари орқали тегишли қарорни чиқартириб беришини айтиб, маҳаллий тадбиркордан 15 минг АҚШ доллари талаб қилади.

ДХХ Андижон вилояти бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мазкур шахс сўралган пулдан 5 минг долларини олган вақтида ушланди. 

Аниқланишича, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун 2020 йил жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди томонидан унга 2 йил 2 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. 

Республикамиз вилоятларидаги аҳоли хонадонларига газ ҳисоблаш ускуналарини ўрнатиш билан шуғулланувчи МЧЖлардан бирининг иш юритувчиси, Жизах вилояти Зарбдор туманида яшовчи фуқаро мазкур вилоятдаги ўзига таниш бўлган қурилиш фирмаларидан бирининг раҳбарини ишончига киради. 

Унга Тошкент шаҳридаги юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали газ ҳисоблаш ускуналарини ўрнатиш ҳуқуқини берувчи рухсатнома (лисензия) ва 2000 дона газ ҳисоблагич ускуналари олишида ёрдам беришини айтиб, хизмати эвазига 4500 АҚШ доллари талаб қилади.

ДХХ Жиззах вилояти бошқармаси ходимларининг Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда Жиззах шаҳрида ўтказган тезкор тадбири давомида фирибгар шахс сўралган пулдан 4 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

1974 йил Навоий вилоятининг Хатирчи туманида туғилган, айни пайтда Тошкент шаҳрида яшовчи, муқаддам судланган аёл Самарқанд вилоятидаги манзил колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумни суд идораларидаги танишлари орқали оқлаб, озодликка чиқариб бериш эвазига 8 минг АҚШ доллари талаб қилади.

ДХХ ва департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пулдан 4 минг долларини маҳкумнинг танишидан олган вақтида ушланди.

Кармана туманида истиқомат қилувчи фуқаро Навоий шаҳрида яшовчи шахснинг ишончига кириб, 1,5 минг АҚШ доллари эвазига танишлари орқали уни “Қизилқумсемент” АЖга ишга киритиб қўйишини айтади.

ДХХ Навоий вилояти бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушбу шахс сўралган пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. 

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.