Ментал арифметика бўйича Халқаро олимпиадада қатнашган 53 нафар жиззахлик қатнашчи совринли ўринни қўлга киритди

Улашиш:

Фан сифатида ментал арифметика бундан икки минг йил илгари Японияда пайдо бўлган. Бу усул миянинг ҳар иккала ярим шарини ривожлантириш мақсадида ўйлаб топилган. Бир қарашда хаёлотга яқиндек туюлиши мумкин, аммо ушбу таълимнинг ривожланиши фантастика эмаслигини исботлади. Болаларнинг аниқ бир методика билан шуғулланишлари натижасида уларнинг хотираси мустаҳкамланиб, диққатининг ошгани, онгдаги турли хил математик ҳисоб-китобларни ишлаб чиқариш қобилиятининг тез суръатларда амалга оширилиши, ҳатто, олимларнинг ҳам ҳайратига сабаб бўлди.

Бугунги кунда Жиззах  вилоятида 3000 дан зиёд ёшлар ментал арифметика бўйича сабоқ олмоқдалар. "Буюк авлод издошлари" Нодавлат таълим муассасаси қошидаги “Queen Study” ўқув маркази раҳбари Сардор Омоновнинг айтишича Жиззах шаҳри, Пахтакор, Зарбдор, Зафаробод ва бошқа туманларда жуда ҳам иқтидорли ёшлар кўп. Улар ментал арифметика бўйича ташкил этилаётган маҳаллий ва халқаро олимпиадаларда фаол иштирок этиб келишмоқда.

2 март куни вилоятда саралаш бахслари бўлиб ўтди. Саралаш бахсларидан 87 нафар ўқувчимиз Фарғонада 14 март куни бўлиб ўтган Халқаро ментал арифметика олимпиадасида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди, - дейди “Queen Study” ўқув маркази раҳбари Сардор Омонов. Унда Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Қирғизистондан ташриф буюрган 500 нафарга яқин ёшлар ичида шогирдларимдан 53 таси совринли ўринларни қўлга киритди.Шундан 9 нафари 1-ўрин, 19 нафари 2-ўрин, 25 нафари 3-ўринни эгаллади.

Апрель-май ойларида ана шундай халқаро олимпиадалардан бирига Жиззах шаҳри ҳам мезбонлик қилиши мумкин. Ҳозирда бу режанинг амалга ошиши кўп жиҳатдан карантин қоидалари кучайтирилиши билан боғлиқ бўлиб, ташкилотчилар бироз иккиланиб туришибди.

Ақл-идрокни ривожлантириш борасидаги бу каби дастурлар интеллектуал билими юксак авлодни тарбиялашга хизмат қилади. Шу боисдан айнан ментал арифметика билан шуғулланишни боғча ёшидан ўргатиш тавсия этилади.

Ҳакимжон Фозилов  - Sangzor.uz сайти бош муҳаррири

 

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.