Арнасойда икки нафар алимент тўламаган қарздорларга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди

Арнасойда икки нафар алимент тўламаган қарздорларга  маъмурий қамоқ жазоси тайинланди

Фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судининг 10.06.2017 йил кунги ижро варақасига кўра, қарздор Ш.Тошпўлатовдан ундирувчи Н.Юнусова фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзанди таъминоти учун алимент тўлаши лозим. Бироқ, Ш.Тошпўлатов шу кунга қадар жами 9 млн. 491 минг сўм алимент пулини тўламасдан, вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаб келган.

Шу каби, фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судининг 27.09.2021 йилдаги ижро варақасига кўра, қарздор М.Болиқуловдан ундирувчи М.Мухторова фойдасига уч нафар вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун алимент ундириш белгиланган бўлиб, М.Болиқулов томонидан алимент тўламасдан келганлиги оқибатида қарздорлик 10 млн. 891 минг сўмни ташкил этган.

Ушбу қарздорлар Бюронинг Арнасой туман бўлими давлат ижрочилари томонидан бир неча бор огоҳлантирилганлигига қарамасдан алимент тўловидан қочиб юришди.

Шунга асосан, Бюронинг туман бўлими давлат ижрочиси томонидан фуқаролар Ш.Тошпўлатов ва М.Болиқуловга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, қарздорларга нисбатан маъмурий қамоқ жазосини қўллаш юзасидан тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Дўстлик туман судида кўриб чиқилди.

Мазкур суднинг 27.04.2022 йилдаги қарорига кўра, қарздорларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтК 474-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди ва шу модда билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

 

 Дилшод Сайпиев - Мажбурий ижро бюроси Арнасой туман бўлими давлат ижрочиси