Бахмалда 4-сектор кўмагида 10 та оила илк бор маиший газ балонига эга бўлди

Бахмалда 4-сектор кўмагида 10 та оила илк бор маиший газ балонига эга бўлди

Айни кунларда вилоят солиқ бошқармаси масъул бўлган 4-сектор ҳудудларида   аҳоли хонадонларига бирма-бир кирилиб, уларни қийнаб келаётган муаммолар рўйхати шакллантирилиб, уни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Куни кеча вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Бахмал туманининг олис ва оғир ҳудудларида бўлиб, аҳоли билан учрашди. 

Бахмал туманининг Узунбулоқ, Маданият, Зафаробод, Янгиобод, Булоқбоши, Майдабулоқ, Бўстон, Мавтан ва Ўрай қишлоқлари аҳолисининг асосий юмушлари деҳқончилик ва чорвачиликдан иборат. Айни қиш мавсумида фақат чорвачилик уларнинг эрмаги бўлиб қолган. Бироқ аҳолининг маиший муаммолари ҳам борки, аксарият ҳолларда уларни бартараф этишда масъул ташкилотлар кўмаги зарур бўлади. Вилоят  солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Бекзод Тошпўлатов ушбу муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида тумандаги ушбу қишлоқларда бўлди. 

Тумандаги Узунбулоқ қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Маданият ва Зафаробод қишлоқларида 3 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.

Бошқарма бошлиғи  4-сектор ҳудудни  ўрганиш давомида  мазкур   қишлоқлардаги аҳоли билан суҳбатлашиб, уларнинг хонадонларида бўлди. Кам таъминланган, оғир шароитда яшовчи фуқаролар хонадонларини таъмирлашда кўмаклашиш, ижтимоий объектлардаги ҳолатлар  каби масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Ҳудуддаги 10 нафар оғир шароитдаги ва ногиронлиги бор   оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди. 10 та оилага эса биринчи марта суюлтирилган маиший газ балонлари тарқатилди.

Ўтган 2022 йилда мазкур қишлоқлар аҳолисини мунтазам электр энергияси ва ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида Осиё тараққиёт банки лойиҳаси маблағлари ҳисобидан 750 дан ортиқ симёғочлар ўрнатилди. Ичимлик суви миноралари ўрнатилиб, аҳоли хонадонларига сув қувурлари тортиб берилган.   Галдаги вазифа эса оғир ижтимоий аҳволдаги хонадонлар вакилларининг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка йўналтириб, камбағалликдан чиқаришга кўмаклашишдир.

 

Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати