News time: Malibu'даги президент, Осиё чемпионлари ва вайн учун қамоқ

News time: Malibu'даги президент,  Осиё чемпионлари ва вайн учун қамоқ

News time: Malibu'даги президент,  Осиё чемпионлари ва вайн учун қамоқ 


Сурхондарёга ташриф

Ўзбекистоннинг элементар ва оғриқли инфратузилма муаммолари рўйхатида ичимлик суви таъминоти ва йўлларнинг сифати ҳам бор. 

Давлат раҳбарининг Сурхондарёга ташрифи давомида шу икки масалага алоҳида урғу берилди. Айниқса  Бойсун–Денов йўналишидаги йўлнинг абгорлиги бўйича одамларнинг шикоятларини инобатга олиб, бу йўлда ўзи автомобил ҳайдаб кўрди. “Бировга ишонмайман. Бировга ишонсанг, ёлғон гапиради, яширади. Ўз кўзимиз билан кўряпмизки, бу йўлларда ҳаракат қилиб бўлмайди”, – деди Шавкат Мирзиёев. Malibu'нинг олд ўриндиғида президентга Сурхондарё ҳокими Улуғбек Қосимов ҳамроҳлик қилди. Ташриф давомида унинг лавозимидаги “вазифасини бажарувчи” деган қўшимча олиб ташланди.

Танқид қилинган йўлни таъмирлаш ишлари яшин тезлигида, шу куннинг ўзида бошланиб кетди. Бойсундан Деновгача бешта туман ҳудудидан ўтадиган 111 километрлик йўл бетонлаштириляпти.

Сурхондарёга сафари вақтида Шавкат Мирзиёев чегарачиларнинг хизмат ва яшаш шароитларини ҳам кўрди. Термиздаги полигонда президент қўшинларнинг тактик машғулотини кузатди. Расмий хабарга кўра, бу машғулотлар жаҳонда кузатилаётган ҳарбий ҳаракатларнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ўтказилган.

Ҳарбийлар билан учрашишидан олдин Шавкат Мирзиёев бир фармонга имзо чекди. Унга кўра, ҳарбий хизматчи бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган тақдирда, вафотига қадар олиб келган ойликнинг 150 баравари миқдорида оила аъзоларига бирйўла нафақа берилади. Давлат мажбурий суғуртаси доирасида эса ҳалок бўлган хизматчиларга тўланадиган суғурта суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари, ҳозирда 60 млн сўм деб белгиланди. Фармонда бошқа имтиёз ва кафолатлар ҳам кўзда тутилган.

Конституциявий суд ва Сенат ҳам конституциявий ўзгаришларни маъқуллади

Шу ҳафталарда давлат учун энг долзарб масала конституцияни янгилаш бўлиб турибди. Конституциянинг янги таҳрири бўйича референдум ўтказишни душанба куни Конституциявий суд, сешанба куни Сенат маъқуллади. Чоршанбада қонун матни эълон қилинган бўлса, пайшанбада бу масала бўйича Марказий сайлов комиссияси мажлис ўтказди.

Референдум бюллетенида: “Сиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунини қабул қиласизми?” деб ёзилади. 11 та моддадан иборат қонуннинг 1-моддасида янги таҳрирдаги конституция келтириб ўтилган, 6-моддасида ҳокимларнинг кенгаш раиси мақомини бекор қилиш муддатлари кўрсатилган, 7-моддасида эса барча мансабдор шахсларнинг ваколат муддатларини ноллаштириш таклиф этилган. Қонун референдум натижалари расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Референдум ўтказиш учун давлат бюджетидан 182 млрд сўм ажратилади. Бу жорий курсда қарийб 16 млн долларга тенг. Муддатидан олдин овоз бериш жараёни бошланиш арафасида. Референдум куни, яъни 30 апрелда ўз турар жойида бўлолмайдиган фуқаролар муддатидан олдин, 19 апрелдан 26 апрелгача овоз бериши мумкин.

Илк марта метан-шохобчалар тармоғида ёппасига текширув бошланди

Сурхондарё вилояти коррупцияга қарши энг ёмон курашаётган давлат идораси деб топилди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тузган рейтингга кўра, ҳокимликлар ичида иккинчи энг ёмон кўрсаткич Андижон вилоятига тегишли. Вазирликлар орасида эса Сув хўжалиги ва Энергетика вазирликлари энг охирги ўринларла.

Шу ҳафта имзоланган қонун билан Жиноят кодексига қўшимча киритилиб, электр энергияси ва газдан тижорат мақсадларида ноқонуний фойдаланиш ўғрилик деб белгиланди. Маълум бўлишича, айни пайтда Shaffof бренди остидаги газ-шохобчаларида текширувлар ўтказилмоқда. Бу бренд остидаги 73 та хўжалик субъектига қарашли 101 та автомобилларга газ қуйиш шохобчасининг табиий газ ва электр тармоқларидан ноқонуний фойдаланиши ҳолатлари ўрганиляпти.

Футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё чемпиони бўлди. Тошкентда ўтган чемпионатда Равшан Ҳайдаров мураббийлигидаги жамоа ярим финалда Кореяни пеналтилар сериясида, финалда эса Ироқни пеналтидан урилган ягона гол эвазига мағлуб этди. Финални миллий стадионда президент Шавкат Мирзиёев ҳам кузатиб борди ва ғолибларга Осиё кубогини бевосита ўзи топширди. Чемпионларни олдинда май-июн ойларида Индонезияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати кутяпти.

Жиззах вилоятида ички ишлар органларини обрўсизлантирувчи видеолавҳа тайёрлаб, ижтимоий тармоқларда тарқатган икки шахс жавобгарликка тортилди. 

Ижтимоий тармоқларда ички ишлар органларининг формасида вайн ишлаган шахсларнинг видеоси тарқалди. ИИБ ходимлари ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатларини олиб борган ва уни тайёрлаган фуқароларнинг шахсига аниқлик киритилган. Тўпланган ҳужжатлар ҳудудийлик жиҳатидан жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман суди томонидан кўриб чиқилган.

“Ўзим вайнерман, одамларга кулгили қисқа видеоларни улашиш бўйича ишлайман. Ҳозирги видеомизни ҳам Россия каналларида кўрганман ва таржима қилиб, ўзимизда чиқардим. Бундан мақсад орган ходимларининг устидан кулиш эмас, одамларга соф кулги улашиш эди”, — дейди айбланувчи.

Суд қарори билан вайнерлардан бири Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) билан айбдор деб топилиб, 15 сутка, шеригига эса 10 сутка қамоқ жазоси тайинланди.

Ўзбекистон Туркиянинг зилзиладан энг кўп зарар кўрган Ҳатай вилоятида уй-жойлар, мактаб ва инфратузилма объектлари қуриб беради. Бу ҳақда Туркий давлатлар ташкилотининг Анқарадаги саммитида Шавкат Мирзиёев маълум қилди. Ташкилотга аъзо давлатлар 500 млн доллар капиталга эга Туркий инвестиция фондини тузяпти, унда Ўзбекистоннинг улуши 100 млн доллар бўлади. Шавкат Мирзиёев саммитдаги нутқининг сўнгида турк халқига мурожаат қилиб, яқинда бўладиган президент сайловида амалдаги президент Ражаб Тоййиб Эрдўғанга овоз беришга чақирди.

Нукусдаги тартибсизликлар бўйича иккинчи суд иши якунланди. 39 нафар судланувчидан 28 нафари 5 йилдан 11 йилгача муддатга қамалди. Энг катта муддат адвокат Оралбай Досназаровга берилди. Қолган 11 киши, хусусан 2 нафар журналист суд залидан озод қилиниб, уларга озодликни чеклаш тарзидаги жазо тайинланди.