Ёмғирли ҳафта. Ўзгидромет яқин етти кунлик об-ҳаво маълумотини берган

Ёмғирли ҳафта. Ўзгидромет яқин етти кунлик об-ҳаво маълумотини берган

Ўзгидромет келаётган ҳафтанинг об-ҳаво башоратини тақдим қилган. Яқин кунлар ёмғирли бўлади, ҳафтанинг биринчи ярмида ҳаво ҳарорати 11-16 даража атрофида, иккинчи ярмида 18-21 даража илиқ бўлиши кутилмоқда.  

“Бугун кундуз куни Ўзбекистон ҳудуди бўйича ҳаво ўзгариб туради, Фарғона водийси вилоятларида кунинг биринчи ярмида, республиканинг қолган ҳудудларида куннинг иккинчи ярмида баъзи жойларда ёмғир ёғади. Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятида куннинг биринчи ярмида айрим жойларда бироз ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлади. Ҳаво ҳарорати 13-18 даража илиқни ташкил этади”, - дея қайд этишмоқда   синоптиклар.

Кейинчалик, иш ҳафтасининг охиригача, жанубдан ва Каспий денгизи ҳудудларидан бир қатор нам ҳаво массалари кириб келиши ҳисобига республика ҳудудлари бўйича беқарор об-ҳаво сақланиб туради.

Фақат 10 мартда республика ҳудудларининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди, ушбу ҳафтанинг қолган кунларида республиканинг барча вилоятлари бўйича турли жадалликдаги ёмғирлар танаффус билан ёғиши кутилмоқда.

Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида ёмғир камроқ ёғади ва ёғингарчилик орасидаги танаффус узоқ бўлади.

10-11 март кунлари баъзи жойларда шамол тезлиги 17-22 м/с гача кучайиши мумкин.

Ҳафтанинг биринчи ярмида ҳаво ҳарорати 11-16 даража илиқ атрофида бўлади, иккинчи ярмида эса ҳарорат 18-21 даражагача кўтарилади.

Республиканинг тоғли ҳудудларида ёғингарчилик ёмғир ва қор кўринишида ёғади ва қор кўчкиси хавфини яратади.

12-13 март дам олиш кунларида ҳам ёмғирли об-ҳавонинг беқарорлиги сақланиб туради.