Ўзбекистонда ўз мулкини ҳимоя қилган фуқаролар жавобгарликка тортилмайди

Ўзбекистонда ўз мулкини ҳимоя қилган фуқаролар жавобгарликка тортилмайди

Ўзбекистонда ўз мулкини, жумладан, амалдорлар ва ҳуқуқ-тартибот ходимларининг ноқонуний ҳаракатларидан ҳимоя қилишга уринаётган фуқаролар эндиликда жазоланмайди. Гап масалан, маҳаллий ҳокимият уйларни бузишга ёки корхона ҳудудига асоссиз равишда киришга уринаётган бўлсаю, мулк эгалари уларга қаршилик кўрсатиш ҳолатлар ҳақида кетмоқда.  

Бу чора куни кеча президент томонидан имзоланган "Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда назарда тутилган.

Мазкур ҳужжатга кўра:

  • мулкдор ёки унинг вакили ўз мулкини ҳар қандай тажовуздан ҳуқуқни бузишга мутаносиб равишда ва ҳуқуқ бузилишининг олдини олиш учун зарур ҳаракатлар доирасида, шу жумладан, зарурий мудофаа ҳолатида ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлади;

  • кўчар мулк ўзбошимчалик билан олиб қўйилганда мулкдор таъқиб қилиш орқали уни қайтариб олиши, кўчмас мулкка нисбатан эса унга ўзбошимчалик билан кирган ёки эгаллаб олган шахсни чиқариб юбориш орқали эгалигини тиклаши мумкин бўлади;

  • мулкни ўзбошимчалик билан эгаллаш ёки унга кириш ёхуд мулк дахлсизлигини бошқача тарзда бузиш қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

Барча юқорида кўрсатилган ҳаракатлар жиноят ҳисобланмайди.