Ўзбекистон ҳукумати электр токи, иссиқлик ва бензин муаммосини кандай ҳал қилмоқчи?

Ўзбекистон ҳукумати электр токи, иссиқлик ва бензин муаммосини кандай ҳал қилмоқчи?

Икки йил кетма-кет қиш бошида Ўзбекистон энергетика соҳасида ҳалокатли муаммоларга дуч келмоқда. Агар 2022 йилда содир бўлган блэкаут юқори волтли линияда қисқа туташув деб ҳисобланса, эскирган ускуналар ва малакали ходимларнинг етишмаслиги мавзуси унутилган бўлса, 2023 йил ички энергетика тизимининг асл ҳолатини яққол намоён қилди.

Бир ҳафтагина давом этган аномал совуқ об - ҳаво электр энергетикасини, шунингдек, газ ва иссиқлик таъминоти тизимини фалаж ҳолатига келтирди. Газ билан боғлиқ вазият бироз барқарорлаштирилди, бироқ электр узилишлари, исситиш ва иссиқ сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар давом этмоқда. Мамлакат ушбу қийинчиликларга дош бера оладими, 2023/2024 йилги куз-қиш мавсумини инқирозсиз ўтказа оладими, деган саволлар туғилмоқда. Буни албатта вақт кўрсатади, аммо бунинг учун ҳозирданоқ чоралар кўриш керак.

Кўринишидан, ҳукумат иккинчи шу каби энергия фалажига бизнес ва аҳоли тоқат қилмаслиги мумкинлигини тушуниб туриди. Газ ва электр билан боғлиқ муаммоларнинг такрорланиши иқтисодиётда жиддий муаамоларни олиб келади, чунки ҳеч бир инвестор, айниқса чет эллик инвестор, ўз корхонаси тўсатдан ва номаълум муддатга энергия манбаларисиз қолиши мумкинлигини англаса, бизнесни ривожлантиришга сармоя киритмайди.

Бу борада ўз бизнесини сотиш учун Olx савдо майдончасида навбат олган газ ёқилғи қуйиш шохобчалари эгалари Вазирлар Маҳкамаси учун биринчи сигнал бўлиши керак. Бир неча соатлик электр узилишлари ва иситишнинг етишмаслиги ҳукуматнинг давлатни самарали бошқариш қобилиятига бўлган ишончига путур етказиши ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. 

Январь ойи охирида ҳукумат йиғилишида сўзга чиққан Бош вазир Абдулла Арипов 2022/2023 йил қишига тайёргарлик пайтида жиддий хатоларга йўл қўйилганлигини тан олди. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат бу хатоларни такрорламоқчи эмас, шунинг учун масъул идоралар содир бўлган воқеадан тўғри хулосалар чиқарадилар ва кейинги куз-қиш мавсумига самарали тайёргарлик кўриш учун янги чораларни ишлаб кўрадилар.

Улардан бири - табиий газ ва электр энергияси, кўмир ва мазут импорти билан боғлиқ масалаларни қайта кўриб чиқиш, хорижий шериклар билан музокаралар олиб бориш, келишувларга эришиш учун барча зарур чораларни олдиндан кўришдир. Бу борада Россия аллақачон Ўзбекистон учун асосий шерикка айланиб бўлган. Фақат сўнгги икки ҳафта ичида томонлар бу йўналишда йилларга тенг йўлни босиб ўтдилар.

Масалан, ҳозирда айнан Россия томони Ўзбекистонга бензин инқирозини енгишга ёрдам бермоқда. Январ ойи охирида “Ўзбекнефтгаз” Россия компаниялари билан 50 минг тонна АИ-80 импортига шартномалар имзолаган. Яқин келажакда ушбу маҳсулотлар республикага темир йўл орқали етказиб берилади ва маҳаллий ёқилғи қуйиш шохобчаларига юборилади. Асосийси, Россия бензинининг нархи ҳайдовчилар учун мақбул бўлади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ёқилғи қуйиш шохобчасида бир литр учун якуний нарх 6200 сўмни ташкил қилади.

Шуни унутмаслик керакки, айнан Россиядан мазут етказиб бериш туфайли Ўзбекистон январь ойининг аномал совуқ ҳафталарида газ танқислиги шароитида ўз электр станцияларининг ишлашини таъминлай олди. Биргина январ ойида Россия ишлаб чиқарувчилари ушбу маҳсулотдан 60 минг тоннадан ортиғини Ўзбекистонга жўнатишган.

Энергетика   борасида ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши газ соҳасидир. Айни пайтда Ўзбекистон, Россия ва Қозоғистон Марказий Осиёга Россия газини етказиб беришни кўпайтириш, биринчи босқичда мавжуд инфратузилмани реверс режимида ишлатиш, сўнгра келажакда янги газ қувурларини яратиш имкониятларини муҳокама қилмоқда. Ўзбекистон учун бу нафақат аҳоли ва иқтисодиёт учун табиий газ танқислиги масаласини ёпиш, балки Россия углеводородларини Хитойга транзит қилиш учун фойда кўришга ҳам ажойиб имкониятдир. Шу билан бирга, "Газпром" нинг Европага экспорт қилиши билан боғлиқ муаммоларини ҳисобга олган ҳолда, ўзбекистонлик музокарачилари “мовий ёқилғи”ни мақбул нархларда сотиб олишлари мумкин.

Бу ҳақда, хусусан, куни кеча парламент қуйи палатаси вице-спикери Одилжон Тожиев ҳам маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, газга эҳтиёж ортиб бораётган Ўзбекистон газни барибир қаердандир сотиб олиши керак. Шунинг учун, унинг сўзларига кўра, нима учун жаҳон бозорида харидорларни йўқотаётган “Газпром" нинг оғир аҳволидан фойдаланмаслик ва газни арзон нархда сотиб олмаслик керак экан. Россия ва бошқа хорижий шериклар томонидан таклиф қилинган барча лойиҳаларга айнан шу ёндашувни қўллаш керак, яъни фақат ўз манфаатларни ҳисобга олиш ва учинчи томонларнинг босимига берилмаслик лозим. “Бургадан аразлаб, кўрпани ёқиб юбориш” тамойили бизнинг давлатда асқотмайди. Қолаверса, ҳукуматимиз газ транспорт тизимни қайсидир хориж томонига бошқарувга бермаслигини муҳокама ҳам қилмайди.

Таниқли жамоат арбоби, Ўзбекистон ва Беларус ёзувчилар уюшмаси аъзоси Исмат Кўчиевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон аввало ўз манфаатлари йўлида ҳаракат қилаётган Ғарбий Европа ва АҚШ манфаатларига ён босмасдан, турли мамлакатлар билан кўп йиллик ҳамкорликдан воз кечмаслиги керак.

"Ғарбпараст блогерлар мамлакатдаги барча муаммолар ва воқеаларни бир томонлама ёритадилар, ҳар доим ва ҳамма нарсада Ўзбекистон раҳбариятини айблашмоқда, гўёки ҳукумат рус халқини рози қилиш учун ўзбек халқининг манфаатларидан воз кечган эмиш. Бундай нуқтаи назардан мунозаралар юритиш, айниқса интернетда, умуман асоссиздир", - деди Кўчиев.

Экспертнинг фикрича, агар Ўзбекистон бугунги кунда Хитой ёки Россия билан ишлашдан фойда кўрса, буни қилиш керак, мабодо Франция билан ҳамкорликнинг афзалликлари бўлса,   ундан ҳам фойдаланиш лозим.

"Аввало, Ўзбекистон ўз фуқароларининг фаровонлиги ҳақида ўйлаши керак – одамларни тинчлантириш ва овқатлантириш, уларнинг уйларини иситиш керак”, – дея таъкидлади суҳбатдошимиз.

Кўчиевнинг қўшимча қилишича, яна бир муҳим масала эскирган техника ва ускуналарни модернизация қилишдир. Уларнинг носозлиги учун Ўзбекистонда доимий равишда Собиқ СССР айбланмоқда, гарчи мустақил Ўзбекистонда 30 йил давомида совет даврида ўрнатилган муҳандислик-коммуникация тизимларини сифатли таъмирлаш ва алмаштириш ишлари олиб борилмаган бўлсада.

Дарҳақиқат, замонавий Ўзбекистон электр генерацияси ва тарқатиш тармоғини кенг миқёсда модернизация қилишга муҳтож. Ҳукумат бу йил 817 километр магистрал ва 11 минг километр паст кучланишли электр узатиш линияларини, 2840та трансформатор пунктларини янгилашга, магистрал подстанцияларнинг қувватини қўшимча равишда 1325 мегаволт-амперга оширишга ваъда берди. Бу қандай инвестициялар ҳисобига амалга оширилиши аниқ эмас. Эҳтимол, ёзда бизни электр токи ва газ тарифларининг кўтарилиши ёки ижтимоий меъёр кутиши мумкин. Мутахассисларнинг таъкидлашича, нархларни кўтармасдан тизимни кенг миқёсда модернизация қилиш мумкин эмас.

Бундан ташқари, ҳукумат ҳозирдан бошлаб янги генерация турларини яратиш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилиши керак, уларсиз мамлакатда беш йилдан сўнг ҳақиқий энергия фалажи юз бериши мумкин.

2023 йил бошига келиб, Ўзбекистон аҳолиси 36 миллион кишини ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 753,6 минг кишига (2,1%) кўпдир. Демографик прогнозларга кўра, 2035 йилгача туғилиш сони шу даражада - ўртача 950-980 минг атрофида сақланиб қолади, аҳоли сони эса 45,6 миллион кишидан ошади.

Прогнозлаш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассисларининг фикрига кўра, бугунги кунда мамлакатда эҳтиёжга кўра тахминан 8-10% оралиғида электр танқислиги мавжуд. Шу билан бирга, 2035 йилгача бўлган даврда аҳолидан электр энергиясига талаб ҳар йили 6,2-6,5 фоизга ошади. Аҳоли ва умуман иқтисодиёт томонидан ортиб бораётган талабни таъминлаш учун 2030 йилга келиб энергия қувватини амалдаги даражага нисбатан камида 1,8-1,9 баравар ошириш керак бўлади.

Иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқлари ва соҳалари томонидан энергия талабининг кутилаётган ўсиши миллий энергия тизимини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ва мураккаб қарорларни қўшимча ишлаб чиқиш ва самарали амалга оширишни талаб қилади. Шу сабабли, мутахассисларнинг назарида, мавжуд энергия танқислигини бартараф этиш учун атом ва водород генерацияси, шунингдек, бошқа муқобил яшил технологияларни Ўзбекистон энергия тизимига тезда интеграция қилиш зарур.

Агар саноат миқёсидаги водород энергияси ҳозирча эришиб бўлмайдиган мақсад бўлса, атом энергияси жуда ҳақиқийдир. Россия Федерацияси элчиси Олег Мальгиновнинг айтишича, ҳозирда Ўзбекистон ва Россия ўртасида атом электр станциясини (АЭС) қуриш бўйича бош шартнома тайёрлагмоқда.

Унинг сўзларига кўра, ўтган йили Ўзбекистонда кузатилган энергия таъминоти билан боғлиқ муаммолар мамлакатларимиз раҳбарларининг 2018 йилда Тошкентда қабул қилган қарори қанчалик тўғри эканини яна бир бор намойиш этди.

Бу катта ва кўп қиррали иш. Майдончада муҳандислик тадқиқотлари якунланган, лойиҳанинг оптимал техник конфигурацияси аниқланган. Қуриладиган атом электр станцияси ҳар йили тахминан 3 миллиард кубометр газни тежашга имкон беради. Бундан ташқари, Ўзбекистонда станцияни қуриш ва ишлатиш жараёнида 8 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади. “Росатом” лойиҳага маҳаллий қурилиш компаниялари, материаллар ва ускуналар етказиб берувчиларни кенг жалб қилишни режалаштирмоқда. Маҳаллийлаштириш дастури маҳаллий компанияларнинг катта даромад олишлари ва республика бюджетига солиқ тушумларининг кўпайишини таъминлайди.

Режага кўра, Ўзбекистондаги АЭС ВВЭР-1200 реакторлари билан жиҳозланади. Бу энг илғор хавфсизлик тизимларидан фойдаланадиган эволюцион технология саналади, унда тўртта ҳимоя қатлами мавжуд, фаол ва пассив хавфсизлик тизимлари қўлланилади. Ушбу 3+ авлод технологияларининг барчаси ҳатто энг экстремал шароитларда ҳам станцияни хавфсиз сақлашга қодир ва шу билан бирга атроф-муҳитга зарар етказмайди. Бугунги кунга келиб, бу дунёдаги энг хавфсиз замонавий технологиялар бўлиб, уни Халқаро атом энергияси агентлиги - МАГАТЭ ҳам тасдиқлайди.

Бундан ташқари, реактор қурилмасининг қуввати олдинги авлод блокларига қараганда 20% кўпроқ ва асосий ускунанинг лойиҳавий муддати икки баравар кўпайган, яъни 60 йилгача бўлган муддатни ташкил қилади.

Умид қиламизки, Ўзбекистон ҳукумати ҳақиқатан жорий йилнинг январ ойида йўл қўйган хатоларни инобатга олади, тўғри хулосалар чиқаради ва аҳолини электр, кўмир, газ ва бензин билан таъминлайди. Акс ҳолда, амалдорларга нисбатан ранжиш ва чарчоқ даражаси фақат ўсиб боради, бу эса мамлакатдаги кейинги ислоҳотларни секинлаштириши мумкин.