Пандемия бизга кўп нарсанинг асл қийматини эслатди. Бир бурда ноннинг қадрига етиш, биров билан бўлишиш, сабр-қаноат, унинг ортидан келадиган чиройли ажрга умид... Дунё безовта қалқиб турган, аммо ҳаёт давом этаётган, ўтиб бораётган йилимизда ҳам коррупция аччиқ сабоқлар эвазига қайта уйғонаётган шу қадриятларимизга ҳам афсуски, соя солмоқда. Хайр-саховат, зарарсизлантириш маҳсулотлари учун ажратилган маблағларнинг талон-тарож қилинаётгани ҳақидаги хабарлар аччиқ истеҳзо уйғотади. Энг ёмони, машаққатлар эвазига амалга оширилаётган ислоҳотларга ишончсизлик пайдо қилади.
Узоққа бормасдан Фейсбук ижтимоий тармоғига бирров “бош суқиш”нинг ўзи кифоя. “Коррупцияга қарши кураш агентлиги ташкил этилибди. Унга ишга кириш учун фалон сўм узатиш керак”, ёки “Солиқчилар амалдорга тегишли заправкага ғинг дейишолмайди” каби постлар негадир бирпасда “лайк” йиғади. Қўллаб-қувватловчилар ҳам етарлича топилади. Қани исбот, қачон, қаерда деб суриштириб бошласангиз, айтган гапига жавоб беролмайдиганлар дарров аниқ бўлади-қолади.
Албатта, бу билан ижтимоий тармоқларни қораламоқчи эмасман. Уларни яқинда “Фаолиятимиз барометри” деб аташди. Мен бу билан коррупция иллатининг пировард оқибати халқ ишончсизлигига сабаб бўлишига урғу бермоқчиман.
Тадқиқодчилар фикрича, иқтисодиёт комплекси тармоқлари – банк, солиқ, молия каби ташкилотларда коррупция кўпроқ оғир оқибатларга олиб келар экан. Иш ҳажмининг чегараланмаганлиги, ойлик маошларнинг пастлиги каби омиллар эса ходимда “жонимни бериб ишлаганим билан биров қадримни билармиди?” маъносидаги ўй-хаёлларга сабаб бўлиши, охир-оқибатда коррупцияга етаклаши тайин. Шу сабаб тизимда шаффофликни таъминлаш, умуман, тизим фаолиятини яхшилаш мақсадида сўнгги йилларда қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Дастлаб Солиқ концепцияси, сўнг янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг қабул қилингани, солиқлар юкининг камайиб, яширин иқтисодиёт улушининг қисқариб боришига сабаб бўлаяпти. Биргина меҳнатга ҳақ тўлашни соддалаштириш ҳисобига Жиззах вилоятида 2019 йилда 34400 та иш ўрни легаллаштирилди. Натижада бюджетга тушум 2.3 бараварга ортди. Қўшимча қиймат солиғи тўловчилари ўтган йилда 3600 тага етиб, республика бўйича рекорд кўрсаткич қайд этилган. Айни кунда қўшимча қиймат солиғи тўловчилар сони 5000 нафарга яқинлашмоқда. Бу Жиззах вилоятида солиқ ислоҳотларининг аҳамияти тўғри тарғиб қилинаётганидан даракдир.
Тизимга рақамли технологияларни жалб этиш ҳам коррупция ҳолатларини камайтиришга катта ҳисса қўшади. Онлайн назорат машинаси, “Soliq”мобил иловаси, солиқ тўловларини электрон тарзда тўлаш тартибига ўтилгани ҳамда my.soliq.uz электрон порталининг фаолияти солиқ тизимида ишларни енгиллатиш билан бирга солиқ тўловчи ва солиқчининг мулоқотини камайтириш, шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.
“Солиқ идораси – тадбиркорга кўмакчи” тамойилидан мақсад ҳам коррупция ҳолатларига чек қўйишдир. Тадбиркор ҳалол ишласин, солиқни ўз вақтида тўласин, солиқ идораси унга кўмак кўрсатсин. Қачонки солиқдан қочишга уриниш бўлмаса, коррупцияга шароит туғилмайди.
Жиззах вилояти Давлат солиқ бошқармасида тизим ходимлари иштирокида коррупцияга муросасиз бўлиш мавзусидаги тадбирда ушбу ҳолатлар таҳлил қилинди. ДСБ бошлиғи Ю.Насимджанов ходимларни ободлик ва маъмурчилик манбаи бўлган солиқларни йиғиш, тадбиркорлар ва аҳоли билан доимий тарғибот ишларини олиб боришда ҳалол ва виждонан ишлашга чақирди. Солиқ тизимида коррупцияга қарши кескин кураш олиб борилаётганини таъкидлади.
Вилоятимиз Давлат солиқ инспекцияларида ҳам бу каби тарғибот тадбирлари доимий равишда ўтказилмоқда.
Муқаддас САПАРОВА,
Жиззах вилоят ДСБ жамоатчилик билан алоқалар ва
ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи