Кроссовка кийган раҳбар. Айзада Нурумбетова аёлларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, ўзига хос болалар ва амалдорлар тафаккурининг торлиги ҳақида гапириб берди

Улашиш:

Айзада Нурумбетова- қорақалпоғистонлик таниқли ҳунарманд, тадбиркор ва жамоат арбоби. У бизга ўрнак бўладиган, кучли ирода соҳиби ва бағрикенг замондошларимиздан биридир.

Кўплар уни 20 йил давомида яратиб келган анъанавий қорақалпоқча либослар тўплами орқали танишади. У нақшлаган буюмлар айни пайтда Вашингтондаги (АҚШ) Марказий Осиё музейида доимий намойиш қилинмоқда.

Лекин бу аёлнинг бошқа бир истеъдодли томони бор. У стереотипларни бузиш учун “Миллий тикланиш” партиясига аъзо бўлган. Айзаданинг дадил айтишича, партиясининг мақсадлари тўғри ва яхши, аммо раҳбарият кўпинча фақат ўзини ўйлайди. Бундан ташқари, бугунги кунда у етим болалар, ногиронлар ва даун синдроми бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш билан ҳам фаол шуғулланиб, уларнинг муаммоларига кўпроқ эътибор қаратишга ҳаракат қилмоқда.

Биз маҳаллий партияларда ҳаёт борлиги ёки йўқлиги, нима учун амалдорлар “қуёшли болалар” билан ишлашда қийинчиликлар яратиши, 16 ёшли болани фарзандликка олиш қандай эканлиги, оддий америкалик аёл унинг ҳаётига қандай таъсир қилганлиги хусусида у билан суҳбатлашдик.

Тафаккурнинг торлиги

Кучли аёл халқ билан бирга бўлиши керак. Партиядошларим ва айрим амалдорларни ғашига тегадиган кроссовкаларда юрийман. Лекин Президентимиз идорада ўтирмаслигимиз кераклигини айтганлар. Кроссовкаларда эса узоқ масофани босиб ўтаман. Менда ҳал хил поябзал бор. Бироқ, гап кийимда эмаску.

 Кучли аёл-жамиятда ўз мавқеига эга бўлган, гапира оладиган, қонунларни, мамлакат ва дунёдаги вазиятни биладиган кишидир. Аёлнинг орзуси бўлиши керак, у бўлса - мақсади бўлади, кейинчалик ҳаракати ҳам.

Ҳар-бир инсонни дарахтга ўхшатаман. Ҳар бир яхши дарахт яхши мева беради. Инсоннинг мазмуни, моҳияти ва интеллектуал салоҳиятини кўриш учун беш дақиқалик суҳбатнинг ўзи етарли. Менинг кучим шунда, лекин бу йиллар давомида шаклланади.

Аёлга партия нега керак?

2018 йилда “Миллий тикланиш” партиясининг Нукус шаҳар Кенгаши раҳбари бўлдим. 2010 йилдан буён жамоатчилик асосида партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раисининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари сифатида фаолият юритиб келмоқдаман.

Кўп одамлар партия андозавий тадбирларни ўтказиб келади, депутатларнинг фақат чиройли сўзлар бор, деб уйлашади. Бу ерга партия ҳаётини жонлантириш, одамларга керак бўладиган ишни бошлаш учун келдим. Албатта, ёшлар билан ишлаш мен учун муҳимдир. Миллий санъатимиз айнан улар туфайли ривожланишини жуда истайман. Ахир мамлакатда ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун ҳақиқий ёрдамга муҳтож кўплаб иқтидорли ёшлар бор.

Партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раҳбарияти айни пайтда менга катта босим ўтказмоқда. Раисга фаоллигим, қилаётган ишларим ёқмайди.

Бироқ, партияни ким бошқаришидан қатъий назар, мен ҳар доим ва ҳамма жойда уни қўллаб-қувватлайман. Раҳбарлар келиб кетади, лекин партиямиз қолади. Низом мақсадлари, партия мақсадлари ажойиб. Аммо юқорида турганлар фақат ўзлари ҳақида ўйлашади. Биз учун, партия ичида бўлганларга бундай ишлаш қийин…

“Қуёшли болалар”га ёрдам

Жорий йилнинг 17 февраль куни Игорь Савицкий музейида қорақалпоқча либослар тўпламлари кўргазмасини ўтказдим, унга машҳур қорақалпоқ журналисти Алёна Аминова таклиф этилди. Менинг ишимни кўргандан сўнг, у болалар тўпламини яратишни ва ғайриоддий моделлар – "қуёшли болалар"ни таклиф қилиш ғоясини илгари сурди. Уларнинг иштироки нафақат болаларнинг ўзлари учун қизиқарли воқеа, балки энг аввало, уларни жамиятдан ажратмасликка, ёрдам беришга, ижтимоий лойиҳаларга жалб этишга катталар учун даъват бўлди.

Махсус тўплам тикдик ва 7 март куни болалар намойиши ўтказилди. Мен бу болалар билан ишлашни давом эттиришни истайман, уларни ажойиб деб ҳисоблайман. Мен уларга дунёимизни ёрқин рангларда, қизиқарли воқеалар билан кўрсатиб, нимадир ўргатмоқчиман.

Ҳозир Қорақалпоғистонда ушбу ташхис қўйилган болалар қанча яшаётгани рўйхатини тузяпмиз. Бироқ, бу йўналишда ишлашни бошлаганимдан сўнг, биз ҳар доим турли тўсиқларга дуч келамиз. Гоҳида амалдорлар "қуёшли болалар" нинг кимлигини билишмайди, айрим пайтлар мурожаатга дарҳол рад жавобини оламиз ёки мутлақо лоқайдликка дуч келамиз.

Буларнинг барчасига қарамай, қўлимиз совугани йўқ. Яқинда болалар учун Нукусдан қадимий Самарқандга саёҳат ташкил этиш имконига эга бўлдик. Бизга тадбиркор Тазагул Ражапова ва унинг ёрдамчиси ҳомийлик қилди. Аммо маблағ етишмаганлиги боис, Самарқанднинг ўзида - бозорда, дўконларда пул йиғдик. Одамлар бажонидил 10 минг сўмдан бериб, бу пулга болалар учун егулик ва эсдалик совғаларини сотиб олдик. Тўғри, транспорт учун қарзимиз қолган, лекин бу билан ҳам шуғулланамиз.

Бир киши ҳеч нарса қила олмайди, агар сиз жамоа билан ишласангиз, у ўз мақсадларига эришади.


Бошланиши қандай кечган?

Нукусда туғилиб ўсганман, оилада биринчи фарзанд эдим. Ҳали бир ёшга ҳам тўлмаганимда, гапириш ва юришни бошлаганман. Айтишим мумкинки, жуда шўх бўлганман.

Болалигимда қўғирчоқ театрининг директори бўлишни орзу қилардим. Ўша пайтдан одамларга қувонч бағишламоқчи эдим. Биз ўз уйимизда яшаганмиз ва ҳар доим Янги йил арафасида барча қўшни болалар учун кичик тадбирлар ўтказганмиз. Албатта, муаллиф ва ижрочи ўзим бўлганман.

"Айзада "форс тилидан "гўзал ой", деб деб таржима қилинади. Бу мавзу ҳаётим давомида менга ҳамроҳ бўлган. Мен зулматда, даҳшатли ва адолатсиз дунёда яшаяпман деб уйлайдиганларга яхшилик ва ёруғлик келтирадиган нур бўлишни истайман.

Бизнинг оила ҳар доим камтарона яшаган, мен муҳтожлик нима эканлигини яхши биламан. Ҳаётимда ҳамма нарса бўлган: қувончли воқеалар ҳам, қийинчиликлар ҳам, оилада ичадиган ва қўл кўтарадиган одам ҳам. Ҳаммасидан ўтдим. Шунинг учун, мен қийин вазиятда бўлган, айниқса, аёллар ва болаларни тушунаман.

Бироқ, ҳаётимда нима содир бўлишидан қатъи назар, китоблар доимо менга ёрдам берган. Уйимизда ҳамма ўқирди, чунки отам кўпинча иш билан Москвада бўлганида у ердан доим китоб олиб келарди.

Мен русча болалар боғчаси, мактаб ва институтга борганман. Мен вояга етганимдагина қорақалпоқ тилида гапиришни ўрганганман, чунки “қорақалпоқлик бўла туриб, она тилини билмайди”, деган гаплардан чарчаганман. Мен шу тилда китоб ўқишни бошлаб, адабий қорақалпоқ тилида гапиришни ўргандим. Бошқаларга ҳам шуни маслаҳат бераман.

Оталик муҳаббат ва маслаҳатлар

Дадам оддий рассом бўлган ва мен ҳам ранглар муҳитида ўсганман. У 30 йил Нукус шаҳридаги "Ёш томошабинлар" театрида ишлаган. Совет даврида катта байрамларда ўша давр рамзларини ўзида акс этган машиналар уйимиз яқинида турарди.

Дадам менга ҳар доим ранглар бир-бири билан дўст бўлиши жуда муҳим эканлигини айтарди. Сариқ билан қизил, яшил билан қизил ... Ранглар дўст бўлмаса, улар қичқиришни бошлайди. Ёш ҳунарманд қизлар рангларни ва анъанавий миллий нақшларимизни нотўғри бирлаштирганини кўрсам, мато "Айзада, бизга ёрдам бер”, деб айтаётганидек туюлади.

Тикувчилик ва каштачилик билан шуғулланмоқчи бўлган қизлар билан билимимни баҳам кўришдан бахтиёрман. Бу амалий санъатнинг ажойиб олами бўлиб, Қорақалпоғистоннинг ўз тарихи ва бой анъаналари замонавий дунёда ҳам осонлик билан ўз ўрнини топа олади.

Америкалик Жилл ва ҳунармандликнинг ишининг бошланиши

Маълумотим бўйича тарихчиман, лекин институтни битиргач, узоқ вақт мобайнида Нукусдаги энг яхши мактабларда ишладим, тарбия соҳасининг мутахассиси бўлдим.

2000 йилда “Прогресс” тил марказига ишга кирдим. У ерда мен болаларга инглиз тилини ўргатаётган бир америкалик аёл ва унинг турмуш ўртоғи Жилл Вербрагге билан танишдим.

Бир куни у мендан қорақалпоқ тилини ўрганишга ёрдам беришимни илтимос қилди. Дарслардан бирида Жилл мендан орузим нима эканлигини сўради. Ўша пайтда турмуш ўртоғим билан муносабатлар яхши эмасди ва мен қийин ҳаётий вазиятда эдим. Мен шундай ишни ташкил этмоқчиманки, оғир вазиятларда бўлган аёллар йиғилиб, тикувчилик ва каштачилик орқали кундалик муаммолардан чалғишларини истайман, деб айтдим.

Жилл мени қўллаб-қувватлади ва албатта буни амалга ошириш кераклиги айтди. Мен иккита овсинимни ўзимга ёрдамчи қилиб олдим. Улардан бири яқинда бева бўлиб, ўта тушкун аҳволда эди. Дарвоқе, овсинимда тикув машинаси бўлиб, учаламиз сотиш учун қорақалпоқ миллий кийимлари ва эсдалик совғаларини тикишга киришдик.

Ўша пайтда Тошкентдаги меҳмонхоналарда илк бор Рождество кўргазмалари ўтказилди. Биз ўз маҳсулотларимизни у ерга олиб борганимизданоқ, дарҳол сотила бошланди. Тушган пулга яна тикув машинаси ва хом ашё сотиб олдик. Қорақалпоқ амалий санъати харидоргирлигини, миллий кийим-кечакларимизга, аксессуарлар ва заргарлик буюмларига одамларда қизиқиш борлигини англадик.

Жилл агар чиндан ҳам бирор нарса истасангиз ва шу йўналишда иш бошласангиз, албатта натижа бўлишини менга кўрсатди. Шундан сўнг кичик тикувчилик устахонасини очиб, биринчи шогирдларни ишга қабул қилдик.

2006 йилда хусусий тадбиркор ва "Ҳунарманд" уюшмасига аъзо бўлдим. 2008 йилда Қорақалпоғистонда бу уюшмани бошқаришга киришдим.

Жилл Нукусдан кетгач, унга албатта яна учрашишимизни айтдим. 2014 йилда мен АҚШга сафар қилдим, биз унинг уйида қолдик. 2018 йилда биз яна учрашдик, лекин бу сафар Вашингтонда кўришдик.

Олдинга ундовчи туйғулар

Мен жуда ҳиссиётга берилувчиман ва осонлик билан алданиб қолишим мумкин. Бирор нарса юз берганидан кейин йиғлайман. Аммо, барча қийинчиликлар мени янада тоблантирди.

Ирода ва қатъиятлилик менинг кучли томонларимдир. Агар бирор нарсани бошласам - охиригача бораман.

2007 йилда қорақалпоғистонлик журналист Клара Пирназарова билан Нукус шаҳридаги “Меҳрибонлик уйи”га ташриф буюрдик. У болаларга эътибор керак, улар ҳар доим ёрдамга муҳтож, деб айтди. Мен беш яшар қизалоқни фарзандликка олмочқи эдим. Лекин эрим бунга қарши бўлиб, рухсат бермади.

2015 йилда мен у билан ажрашдим ва “Меҳрибонлик уйи”га қайтиб бордим. Директордан ўша қизни фарзандликка олишимга ёрдам сўрадим. Ўша пайтда бунинг қонуний йўли йўқ эди. Чунки мен ажрашган эдим ва қизнинг ўзи 16 ёшга тўлмаган эди.

Ниҳоят, 2016 йилда мен уни фарзандликка олдим ва биз бирга яшай бошладик. Умумий орзуимиз - Зулфия номидаги Давлат мукофоти учун танловда ғолиб бўлиш эди. Қизимни ўзим тайёрладим. Ҳали 9-синфда ўқиб юрган пайтида бу танловда илк бор иштирок этди, бироқ ғолиб бўлмади.

Атрофимдагилар - буни қилма, унинг истеъдоди йўқ, деб айтишган. Бироқ, 2018 йилда у ушбу мукофотни қўлга киритди ва биз Ўзбекистон раҳбари иштирок этган тақдирлаш маросимига таклиф этилдик.

Ҳозир қизим Тошкент Давлат Шарқшунослик университетида, корейс тили факультетининг иккинчи курсида таҳсил олмоқда. Мен у билан жуда фахрланаман.

Катта орзу

Ҳозирги кундаги энг катта орзуим – Самарқандда бўлгани каби (Самарқанд "Мерос" қоғоз устахонаси) ҳунармандлар қишлоғини очишдир.

У ерга ёшлар, катталар ва болалар жалб қилиниб, дам олиш ва семинарлар ўтказиш мумкин, кафелар мавжуд.

Нукусга кўплаб сайёҳлар ташриф буюради ва кўплаб туроператорларнинг айтишича, афсонавий Игорь Савицкий санъат музейидан ташқари борадиган бошқа жой йўқ. 

Болалар билан Самарқанд қоғоз устахонасига борганимизда эса ўз ҳунармандчилик йўналишларининг хусусиятларини ичига олган бундай устахоналарни бошқа вилоятларда очиш кераклигини тушуниб етдим. Улар нафақат сайёҳлар учун, балки халқимиз учун ҳам фойдали бўлиб, бир қатор ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш мумкин бўлади.

Энди эса устахонанинг қорақалпоқ версиясини яратмоқчиман. У ерда ўтов, туялар, энг яхши ҳунармандлар устахоналари ва шогирдлари бўлади. У ерда маҳорат дарслари, маърифий маърузалар ўтказиш, бутун Ўзбекистон миллий санъатининг бой тарихи билан танишиш имконияти яратилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.