"Кўп гол урсам, Абрамов термага чақиради!"

Улашиш:

Беларусь чемпионатининг учинчи тури якунланди. Бу паллага келиб, фақатгина амалдаги чемпион – “Шахтёр” жамоаси очко йўқотгани йўқ. Бу биз учун ёқимли албатта, чунки солигорскликлар таркибида Шаҳзод Убайдуллаев тўп тепмоқда. Гарчи жамоа яхши ўйин кўрсатаётган бўлса-да, ҳамюртимиз “отни тезроқ қамчилаши” керак. Сабаби, ёш ҳужумчи аста-секин захирага ўтириб қолмоқда.

Мавсумолди йиғинларида ўтказилган ўртоқлик учрашувларида жамоа тўпурарига айланган Убайдуллаев чемпионат бошланганидан кейин етарли ўйин амалиётга эга бўлмаяпти. Шаҳзод учта ўйиндан фақат биттасида бошланғич таркибда майдонга тушди ва 56-дақиқада захирага олинди, қолган иккита баҳсда бир неча дақиқа тўп тепди холос. Остон Ўруновнинг “Спартак”даги аҳволи такрорланаётгандек, гўё.

“Шахтёр”нинг янгиланган ҳужум чизиғида ўтган йилги тўпурар Жасур Яхшибоевнинг ўрнини айнан Убайдуллаев босишини кутган эдик. Нафақат биз, балки клуб раҳбарияти ҳам. Легионеримизга Жасурнинг 7-рақами берилганида ҳам ўзига хос мажозий маъно бор, албатта.

Лекин солигорскликларнинг янги ҳужумчилари орасида гамбиялик Дембо Дарбо ўзини кўрсатмоқда. Бу футболчи учта учрашувдан иккитасида рақиб дарвозасига йўл топа олди ва ўз ҳисобига жами учта гол ёзиб қўйди.

Эътиборли томони шундаки, Дарбо ва у каби учта гол урган “Гомель” ярим ҳимоячиси Андрей Соловей тўпурарлар пойгасида яна бир легионеримиз Шаҳбоз Умаровнинг асосий рақобатчилари ҳисобланади. Беларусь чемпионатида тўп тепиш бўйича катта тажрибага эга бўлган Андрей Соловей шу пайтгача бирор мавсумда учта гол урмаган эди. Бу йил тўпурарлик маҳорати кашф қилинди, шекилли.

Ўтган йилдан бери Беларусь олий лигасида фаолият кўрсатаётган Шаҳбоз Умаров аввалги жамоаси “Энергетик-БГУ”дан ҳар томонлама кучли бўлган БАТЭга ўтганидан кейин статистик кўрсаткичлари ҳам кўтарила бошлади. Аввалги мавсумда минсклик “талабалар” сафида ўттизда ўйинда тўртта гол ва учта голли пас муаллифи бўлган ҳамюртимиз бу гал чемпионат тўпурари ва энг фойдали ўйинчиси бўлишни мақсад қилганини билдирган эди. Ўтган йили Шаҳбознинг дўсти Жасур Яхшибоев мусобақанинг энг фойдали ўйинчиси бўлиш баробарида тўпурарлар баҳсида иккинчи ўринни эгаллаган эди. Демак, камида бу натижани такрорлаш Умаровнинг ҳам қўлидан келади.

Шаҳбоз Умаров янги мавсумда БАТЭнинг биринчи голини урди. Бу дастлабки турдаги энг чиройли гол, деб топилди. Бу легионеримиз ҳам ҳали бирорта беллашувда тўлиқ қатнашгани йўқ. Икки марта захирага олинди ва охирги тўқнашувда иккинчи бўлимда майдонга тушиб, ўйин қаҳрамонига айланди.

Шаҳбоз “Гомель” билан бўлган баҳсда бир дақиқада иккита супергол урди. У чиройли гол уриш устасига айланиб бормоқда. Учта голнинг ҳар бири ўзига хос мукаммал. Интервьюда Шаҳбоз чиройли гол уришга қизиқишини ҳам алоҳида тилга олди. Беларуслик журналистлар ҳам унинг ажойиб зарба бериш маҳоратига қизиқиш билдириб, бу ҳақида сўради.

Болалигимдан зарбамни сайқаллашга алоҳида эътибор берардим. Машғулотлардан кейин майдонда қолиб, жарима нуқталаридан зарба беришни кўп машқ қилганман. 16 ёшимдан ўзим ўйнаган жамоаларда барча стандартларни ижро қилардим. Шундай қилиб, мукаммал зарба беришни ўзлаштирганман, - дейди Шаҳбоз Умаров.

Бундан ташқари, истеъдодли футболчимиз орзуси Ўзбекистон миллий терма жамоасида тўп суриш эканини айтди. У учрашувларда ўзини кўрсатиб, кўп гол урса, вақти келиб терма жамоадан таклиф олишига ишонади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.