Вадим Абрамов тўпурар легионеримиз ўйинини кўргани Европага борди

Улашиш:

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов 2022 йили бўладиган жаҳон чемпионати ва 2023 йилги Осиё кубоги қўшма саралаш турнири ўйинлари олдидан таркибни кучайтирадиган футболчиларни излашда давом этмоқда.

Кейинги пайтда терма жамоамиз ўқув-машғулот йиғинлари доирасида ўтказилган ўртоқлик учрашувлари ҳужум ва дарвозабон масаласи ҳамон муаммоли эканини кўрсатди. Игнатий Нестеровдан кейин терма жамоа дарвозасини қўриқлаш учун таклиф этилаётган янги авлод посбонлар ҳатто ўртоқлик учрашувларида голга олиб келадиган хатоларга йўл қўймоқда.

Умуман олганда, ҳужум чизиғида ҳам камчиликлар етарли. Бу позицияда мамлакатимизнинг энг ёрқин юлдузи Элдор Шомуродовга ишонч катта. Лекин сўнгги пайтларда сурхондарёлик ҳужумчи А Серияда бўлгани каби терма жамоада ҳам гол уришга қийналмоқда. Яқинда Гана ва Ироқ терма жамоаларига қарши Наманган ва Тошкентда ўтказилган учрашувларда Шомуродов бир неча қулай вазиятлардан фойдалана олмади. Ўртоқлик ўйинларида майлику-я, лекин расмий беллашувда ҳар бир имкониятнинг қадри жуда юқори бўлади.

Суперлигамиз тўпурарлиги кейинги йилларда асосан хорижлик футболчиларга насиб қилмоқда. Ўзимизнинг ҳужумчилардан кўзга кўринганлари – Бобир Абдухолиқов, Игорь Сергеев бу йилдан легионерга айланди. Лекин улар қатори терма жамоага жалб қилинган миллий чемпионатимизнинг етакчи ҳужумчилари ҳам бош жамоада барқарор гол уриш бўйича ўзини кўрсатгани йўқ.

Вадим Абрамов гол урадиган футболчи топиш илинжида эътиборини Беларусь чемпионати олий лигасида тўпурарлик маҳоратини намойиш қила бошлаган Шаҳбоз Умаровга қаратди. Аввалроқ, бу чемпионатда 16 та гол урган Жасур Яхшибоев ҳам ўтган кузда терма жамоа йиғинига чақиртирилган эди. Бироқ, унинг ҳаракати Вадим Абрамовни қониқтирмаган кўринади. Ҳар ҳолда Польша чемпиони “Легия” таркибига қўшилган Жасур Яхшибоев кейинги пайтда Абрамовнинг йиғинларида кўринмай қолди.

Шаҳбоз Умаров ўтган йили ҳам Беларусда яхши ўйнаган эди. У “Энергетик-БГУ”нинг етакчиси сифатида 30 та учрашувда майдонга тушган ягона футболчи бўлди. Жами тўртта гол уриб, учта голли пас оширди. Шаҳбоз ҳар икки қанотда ҳужумкор ярим ҳимоячи ва ҳужумчи сифатида ўйнай олади. Унинг стандарт вазиятлар ва жарима зарбаларининг устаси сифатида ҳам ўзини кўрсатиб келмоқда.

Истеъдодли футболчимиз Беларусь чемпионатининг дастлабки учта турида рақиблар дарвозасини уч маротаба ишғол қилди. Унинг ҳар бир голи чиройлилиги билан ажралиб туради. Шаҳбоз, биринчи ва учинчи турларнинг энг чиройли голлари муаллифи бўлди. Аввалги турнинг энг яхши футболчиси соврини ҳам Умаровга топширилди.

Вадим Абрамов Беларусь чемпионатининг 4-туридан ўрин олган “Минск” – БАТЭ ўйинини кузатиш учун ушбу мамлакат пойтахтига борди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи бевосита стадиондан кузатган ушбу беллашувда икки тўп фарқи билан ҳисобда олдинга чиқиб олган мезбонлар якунда, дурангга рози бўлди.

Шаҳбоз Умаров ўйинга 57-дақиқада қўшилди. Фаол ўйнаган бўлса-да, бу гал гол ура олмади. Борисовликларни мағлубиятдан қутқарган голларга Павел Рибак ва Максим Скавиш муаллифлик қилди.

Беларусь чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоасига жалб қилиб келинаётган яна бир ёш ҳужумчи Шаҳзод Убайдуллаев ҳам тўп тепмоқда. Бу йил легионерга айланган ўйинчимиз Беларусь чемпиони – “Шахтёр”нинг бошланғич таркибига кириш учун курашмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.