Ўзбекистонда Ҳаж ва Умра сафарига қачон рухсат берилиши мумкинлиги маълум қилинди

Улашиш:

Олий Мажлис Сенати ва «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳамкорлигида ташкил этилган жамоатчилик эшитувлари давомида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов Ҳаж ва Умра сафарлари масаласига тўхталиб ўтди, деб хабар бермоқда «Gazeta.uz». Музаффар Комиловнинг айтишича, бу Саудия Арабистонидаги вазиятга боғлиқ.

«Саудия Арабистонида кундан кунга касалланиш ҳолатлари кўпаймоқда. Кечаги маълумотни олиб қарасак, бир кунда аниқланган ҳолат 600 нафардан ошди. Аксари Макка ва Ар-Риёз ҳудудига тўғри келяпти. Ўтган куни эса Мадина шаҳрида кўпроқ эди. Шу сабаб Саудия Арабистони тўлиқ ёпилган. Умра дастурлари ҳаммаси тўхтатилган», — деган қўмита вакили.

Унинг қўшимча қилишича, сафарларни амалга ошириш масалалари юзасидан ҳозирда ёзишмалар олиб борилмоқда.

«Жидда шаҳридаги консулликда Ҳаж ва Умра ишлари бўйича алоҳида атташе фаолият кўрсатади. Кеча ҳам биз маълумот олдик. Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлиги баёнотидан келиб чиқсак, эҳтимол, агар вазият бироз барқарорлашса, 17 майдан улар очиши мумкин. Лекин ҳали улар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хулосасига таянган ҳолда иш кўради», — деган Музаффар Комилов.

Бундан ташқари, зиёрат туризмини ривожлантириш, хориж давлатлари билан айни шу масалада ҳамкорлик қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам ахборот берилган.

«Олдимизда муборак Рамазон ойи турибди. Туркиянинг TRT телеканали орқали ҳар куни 15 дақиқадан 20 дақиқагача бўлган тўғридан-тўғри эфирда Ўзбекистоннинг зиёратгоҳларининг тарихи, бугунги кундаги аҳамияти, ислом оламидаги ўрни ҳақида маълумотлар берилади. Эфир ифтор ёки саҳарлик маҳалига мўлжалланяпти, буни ҳали келишяпмиз», — деган қўмита раисининг биринчи ўринбосари.

Унинг айтишича, Туркия ва бошқа давлатларининг сайёҳлари кўпроқ Бухоро вилоятидаги «Етти пир» мажмуасига қизиқиш билдирмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.