Ўзбекистон аэропортларни хусусийлаштирмайди, бироқ уларнинг айрим элементларини хусусий сармоя орқали ривожлантириш режалаштирилган.
"Ўзбекистон аэропортлари Жанубий-Шарқий Осиё ва Европа ўртасидаги географик жойлашувидан келиб чиқиб, кучли экспорт салоҳиятига эга ва республика учун валюта манбаи ҳисобланади. Хуллас, улар ўзимизга керак", - деди Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Рано Жўраева.
Бироқ, унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон томони аэропортларнинг турли элементларига хусусий инвестицияларни жалб қилиш учун очиқдир. Бунинг учун давлат-хусусий шерикчилигидан фойдаланилади.
"Масалан, ҳозирда Самарқандда "Мараканда" компанияси билан лойиҳа амалга оширяпмиз. Янги аэропорт терминалини қуриш эвазига улар йўловчиларга хизмат кўрсатиш функциясини ўзига олишмоқда. Худди шу лойиҳани Бухорода ҳам амалга ошириш режалаштирилган", - дея таъкидлади у.
Иккинчи йўналиш-қўшма корхоналар ҳисобланади.
"Айни пайтда барча аэропортларда кейтеринг, меҳмонхона бизнесини қандай ривожлантириш ҳақида ўйлаяпмиз. Парвозларнинг ушланиб қолиши борлиги учун меҳмонхоналар зарур. Кўпгина логистика компаниялари юк ташиш инфратузилмасини ривожлантириш учун аэропортларимизни кўриб чиқмоқда. Ҳақиқатан ҳам, бутун дунёдан кўплаб хусусий компаниялар аэропортнинг турли элементларини ривожлантиришда иштирок этишга тайёр. Хусусий инвестицияларни жалб этиш учун рақобат асос бўлиши кераклигини тажриба кўрсатмоқда", - деди Жўраева.
Шунинг учун, унинг қўшимча қилишича, аэропортларни тўлиқ хусусийлаштириш ҳақида гап кетмаяпти, бироқ айрим элементларни хусусий компаниялар билан биргаликда ривожлантириш режалаштирилмоқда.