Уйқунинг ҳаётимиз ва креативликдаги ўрни қандай?

Улашиш:

Уйқу бизнинг ижодий фаолиятимизга катта таъсир кўрсатади. Бир қатор машҳур университетларда дунё таниган олимлар бу борада кўплаб тажрибалар ҳам ўтказган. Етарли ухламаслик нафақат кун давомида суст ҳаракатларга сабаб бўлади, балки мия иккала ярим шарининг ишлашига ҳам таъсир қилади. Қуйида уйқу ва унинг ижодий фаолиятимизда тутган ўрни ҳақида сўз боради.

Креативлик деганда ноодатий қарорлар, ишга бошқача ёндашув каби тушунчалар кўз олдимизга келади. Миямизнинг ўнг ярим шари кўпроқ тасаввурга ва қолипдан ташқари ғояларни шакллантирса, чап яримшар кўпроқ интизом ва тузилмаларга жавоб беради. Ўнг томон чап мияга қараганда кўпроқ ижодкорлик ва креативликка жавоб берса-да, иккала томон ҳам ижодий жараёнга ҳисса қўшади. Яхши уйқу иккала яримшар ўртасидаги алоқани ўрнатишга ва муаммоларни ҳал қилишдаги мулоҳазакорликка сабаб бўлади. Уйқусиз мия ғояларни шакллантириш ва энг яхши натижага эришиш учун кучсизлик қилади.

8 соатлик уйқу (меъёрий уйқу) даврида танангиз ёшаради ва онгингиздаги кунлик хотиралар филтрдан ўтказилади. Мия керак деб ҳисоблаган маълумотини сақлаб қолади, кераксиз деб ҳисоблаганини нофаол хотирага айлантиради.

Калифорния университети тадқиқотчилари «Remote Associates Test» (РАТ) номли тадқиқот ўтказишган. Тадқиқотлардан маълум бўлдики, етарлича уйқуга эга бўлган одамлар бошқаларга қараганда анча ижобий ва ижодий фикрлашга эришганлар. Тадқиқот натижаларидан кўплаб дизайн ва маркетингга асосланган компаниялар фойдаландилар. Улар ходимларини янада креатив қилиш мақсадида ишхоналарда махсус мизғиб олиш учун ҳудудлар ажрата бошладилар.

Уйқу нафақат креативликни оширади, балки бошқа бир қанча соҳаларда ҳам бизга муваффақият олиб келиши бор гап. Масалан, хотирани мустаҳкам тутишда ҳам уйқу жуда муҳим саналади. Кун давомидаги маълумотлар миянинг ҳипокампус деб аталадиган қисмида сақланади. Чуқур уйқу пайтида мия бу маълумотларни узоқ муддатли хотира сифатида кортексга ўтказади. Агар уйқу бўлмаса, бу хотиралар йўқолиб кетиши мумкин.

Хотирани мустаҳкамлаш ижодий муаммоларни ҳал қилиш жараёни учун жуда муҳимдир, чунки ижодий ечимлар мавжуд билимларга таянади. Консолидация жараёнида мия кучлироқ ҳис-туйғулар билан боғлиқ бўлган хотираларга ҳам эътибор қаратади. Бизнинг миямиз маълумотларга кириши ва қўллаши мумкин бўлса, ижодкорлик оптимал ҳисобланади. Уйқу бу иккала жараёнда ҳам ёрдам беради.

Агар сиз етарлича ухламасангиз, кун давомида уйқусираб, кўп муҳим жараёнларни ўтказиб юборишингиз мумкин. Шундай экан, етарлича ухлаб олишни унутманг.

Санжар Шомуродов тайёрлади

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.