Қамчиқ довонида жаладан қочиб, тошқин сувлари учун мўлжалланган қувурга кириб олган 2 нафар аёлни сел оқизиб кетди. 23 ёшли аёлларнинг иккиси ҳам вафот этган. Ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари кетмоқда.
Наманган вилояти ФВБ ахборот хизмати Қамчиқ довонида наманганлик 2 нафар аёлнинг жасади топилгани айтилган хабарга муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, 7 июль куни М-39 Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон ва Андижон орқали — Ўш автомобиль йўлининг Тошкент-водий йўналишида 2 нафар 23 ёшли аёл тоғ баландлигидаги йирик шохли молларини соғиш учун кетаётган бўлган.
Соат 19:20 дан 19:27 гача кучли жала ёғиши кузатилган. Аёллар эса бу пайтда сел тошқин сувлари учун махсус мўлжалланган 1200 диаметрли темир қувур ичига кириб олган. Шу вақтда 40−50 метр куб миқдоридаги сел келиб, аёлларни қувур ичидан «Резаксой»нинг 400 метр оқими бўйлаб олиб кетган.
Сойни сел массасидан тозалаш жараёнида уларнинг жасади топилган.
Ҳозирда ИИБ тезкор-тергов гуруҳи томонидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.