Июль ойи бошида БМТнинг Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) Тинч океанининг тропик қисмида етти йил ичида биринчи марта “Эл-Нинё” шароити юзага келганини эълон қилганди. Бу ҳодиса глобал ҳароратнинг кескин ошиши ва ҳаддан ортиқ иссиқ об-ҳаво эҳтимолини оширади. Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовнинг маълум қилишича, шу кунларда “Эл-Нинё” дунё иқлимига ўз таъсирини кўрсата бошлади.
“Эл-Нинё” — Тинч океани марказий ва шарқий тропикларида сув юзасидаги ҳароратнинг кўтарилиши билан боғлиқ иқлим режими ҳисобланиб, ўртача 2-7 йилда бир марта содир бўлади ва одатда 9 ойдан 12 ойгача давом этади. ЖМТ ҳисоботига кўра, 2016 йил “Эл-Нинё” юз бериши туфайли рекорд даражадаги иссиқ йил бўлган.
"Дунёдаги энг катта феномен “Эл-Нинё” дунё иқлимига ўз таъсирини кўрсата бошлади. Тинч океани марказий ва шарқий минтақаларида сув ҳароратининг меъёрдан 3 даражагача юқори кўтарилиб кетиши аллақачон дунёда кунлик ҳарорат рекордлари янгиланишига олиб келди. Ҳозирда Антарктида учун қиш чилласи ҳукмрон бўлаётган бир пайтда қитъа марказида ғайритабиий юқори ҳарорат кузатилмоқда.
Аввалига 3—4 июль кунлари сайёрада ўртача суткалик ҳаво ҳарорати орқама-кетин +17 даражадан юқорилаб кетиб, ўтмиш “Эл-Нинё” яъни 2016 йил августдаги +16,92 даража кузатилган энг иссиқ кун рекордини янгилади. Кейинроқ, 6 июль куни сайёрада суткалик ўтача ҳаво ҳарорати +17,23 даражага етди.
“Эл-Нинё” таъсирида дунё атмосферасида ҳаво оқимларида кескинлик ортмоқда. Ўзбекистонда ҳам баҳор ва ёз ойи бошларидаги сел-сув тошқинлари билан боғлиқ “сокинликдан” сўнг республиканинг тоғли ҳудудларида сел ҳодисалари фаоллашиб қолди.
7 июлнинг ўзида Қамчиқ довонида сел ҳодисаси икки киши ўлими билан якунланди. Шу куни Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани тоғ йўлларида ҳам сел оқими ва йўлга тушган харсанг тош йўл қатновини вақтинча тўхтатиб қўйибди", — деб ёзади Эркин Абдулаҳатов.
Ўтмишда содир бўлган “Эл-Нинё”лар бутун дунё қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётига муаммолар туғдирган. Шунинг учун экспертлар барча мамлакатлар унинг салбий оқибатларини камайтириш учун чоралар ишлаб чиқиши зарурлигини такрорламоқда.
"Ўзбекистонликлар “Эл-Нинё” ҳодисаси таъсири остида 2016 йил Ўзбекистонда қандай мавсумлар кузатилганини яхши эслашса керак. Илиқ қиш, иссиқ баҳор ва жазирама ёз кетидан кузнинг октябри совуқ, ноябрда эса қор ёғиб юборганди. Аммо тоғларда йилнинг совуқ даврида меъёрдан кўп ёғин ёғиши дарёларда сув таъминотининг бир оз яхши бўлишини таъминлаган. Жуда илиқ қиш ортидан баҳор ва ёзда биринчи марта минтақа “қурт-қумурсқалар ҳужумига” гувоҳ бўлганини ҳам эсдан чиқармаслик лозим. Агар 2016-анолог йилга ишонилса, келаётган қишимиз ҳам илиқ бўлиши мумкин. Албатта, бу узоқ муддатли прогнозлар. Унинг ўзини оқлаш даражаси жуда паст. Лекин йўқдан кўра бор мақолига амал қилинса, келгуси қадамлар шу аснода ташланса, ёмон бўлмайди", — дея “АзонTV” лойиҳасидаги чиқишида фикр билдирган Эркин Абдулаҳатов.
Прогнозларга кўра, 2024 йил дунёда охирги 8-9 йиллик ва кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йил бўлиши мумкин.
Маълумот учун, Тошкент шаҳрида 1997 йил 18 июлда термометр устуни +44,6 даража иссиқни қайд этганди. Бу ўша давр учун сўнгги 160 йиллик кузатувлар тарихидаги энг юқори, рекорд даражадаги иссиқ ҳароратдир. Мазкур рекорд даражадаги энг иссиқ ҳарорат айнан ўтмиш “Эл-Нинё” даврида кузатилган.