Қозоғистон билан чегарадаги «Ғишткўприк» божхона пости олдида 58 ёшли эркак йўлда кетаётган нотаниш шахсга пичоқ билан жароҳат етказди. ППХ ходимларига ҳам қаршилик қилган шахс резина таёқ ёрдамида зарарсизлантирилди. Жароҳатланган эркак касалхонага ётқизилган.
7 июль куни Тошкент вилоятининг Қозоғистон билан чегарадош «Ғишткўприк» божхона пости олдида 58 ёшли эркак йўл четида кетаётган эркакка ҳеч қандай сабабсиз пичоқ билан жароҳат етказди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужум қилган шахс Ш. Э. Сирдарё вилоятида яшаши, жабрланувчи эса 40 ёшда экани ва қорин қисмидан жароҳат олгани аниқланди.
Воқеа содир бўлгач, ҳудудда хизмат олиб бораётган вилоят ИИББ ППХ ходимлари эркакни зарарсизлантириш мақсадида махсус резина таёғини ишлатиб, жисмоний куч қўллаган.
Жароҳатланган фуқаро шифохонага олиб борилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Гумонланувчи фуқаронинг руҳий ҳолати юзасидан психологик экспертиза тайинланган.