Жиззахда кибержиноятларга қарши курашиш ҳафталиги якунланди

Улашиш:

Юнус Ражабий номидаги Жиззах мусиқали драма театрида “Кибермаконда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш ҳафталиги”нинг таҳлили ва ўтказилган танлов натижаларига бағишланган тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев ҳафталикнинг мазмун-моҳияти, кибержиноятларнинг олдини олишда аҳолининг роли, ёшларнинг бу масалага муносабати ҳақида гапирди. 

Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази, вилоятдаги манфаатдор идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилган тарғибот-ташвиқот ҳафталиги доирасида турли кўрик-танловлар ҳам ташкил этилди.

Вилоятда ахборот технологиялари воситаларидан фойдаланиб, содир этилган жиноятлар 2023 йилнинг 8 ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 60 фоизга кўпайиб, фуқароларга 2 миллиард 500 миллион сўмдан ортиқ моддий зарар етказилган.

– “Кибермаконда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш ҳафталиги” республикамиз миқёсида ташкил этилиб, шу бугунги кунгача Қорақалпоғистон Республикасида, Тошкент шаҳри, Наманган ва Самарқанд вилоятларида бўлиб ўтди. Ушбу “Cybеr Wеек Jizzax” лойиҳаси доирасидаги тарғибот тадбирлари Жиззах вилоятида жуда кўтаринки руҳда ва фаол тарзда ташкил этилганига гувоҳ бўлиб турибмиз, – дейди Ички ишлар вазирлиги Тезкор қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази масъул ходими Лочинбек Атоев.

Ҳафталикка вилоят бўйича 30 га яқин корхона, ташкилот ва таълим муассасаси жалб этилиб, 13 та шаҳар-туманларда махсус ишчи гуруҳлари тузилди ва тарғибот тадбирларига барча ишчи-хизматчилар ҳамда ёшлар ҳамкорлигида шу ҳудудда яшовчи 1 миллион 500 мингга яқин аҳолининг салкам 70 фоизи қамраб олинди. Аҳоли ҳар хил қатламининг қамраб олингани тарғибот тадбирлари таъсирчанлигини янада оширишига хизмат қилди. 

Тақдирлаш маросимида блогерлар ўртасида “Энг яхши оммабоп видеоконтент”, тиббиёт муасасаси ходимлари ўртасида “Банк картаси кодини ҳеч кимга бермайман”, мактабгача ва мактаб таълими йўналиши бўйича “Энг фаол мактаб ўқитувчиси” ҳамда “Энг фаол мактабгача таълим муассаси ходими”, имконияти чекланган инсонлар ўртасида “Интернет тармоғидан хавфсиз фойдаланаман”, профилактика инспекторлари ўртасида “Энг фаол маҳалла профилактика инспектори” кўрик-танловлари ғолиблари вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармасининг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

– Интернет тармоғи орқали хориждан кўплаб фойдали ва керакли дастурлар қатори, афсуски, бир қатор кибержиноятга етакловчи дастурлар ҳам кириб келмоқда, – дейди Ғаллаорол тумани ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспектори лейтенант Шаҳзод Худойбердиев. 

– “Кибермаконда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш ҳафталиги” доирасида ўтган тадбирдан кўзланган асосий мақсад фуқароларимизнинг киберҳуқуқбузарликка қарши курашдаги билимларини оширишдан иборатдир. “Энг фаол маҳалла профилактика инспектори” кўрик-танлови ғолиби бўлганимдан келиб чиқадиган бўлсак, мен профилактика инспектори сифатида фаолият олиб бораётган “Гулчамбар” ҚФЙ фуқаролари вилоят маҳаллалари орасида энг фаоли бўлди ва бунинг учун уларга миннатдорчилик билдираман.



2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.