Ўзбекистоннинг топ-20 солиқ тўловчиси маълум бўлди. Рўйхатга кимлар кирди?

Улашиш:

Солиқ қўмитаси 2024 йилнинг биринчи чораги бўйича Ўзбекистоннинг энг йирик 20 та солиқ тўловчиси номини маълум қилди. Давлат корхоналари орасида НКМК, ОКМК ва «Ҳудудгазтаъминот», хусусий сектор орасида эса UZBAT, Enter Engineering ва бошқалар етакчилик қилмоқда.

Солиқ қўмитаси 2024 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича мамлакатнинг энг йирик 20 та давлат иштирокидаги ва хусусий сектор солиқ тўловчиларини эълон қилди.

солиқлар, солиқ қўмитаси, солиқ тўловчилар, топ-20 солиқ тўловчилар

Январь-март ойларида 2186 та йирик солиқ тўловчи томонидан 24,5 триллион сўмдан ортиқ солиқ тўланган бўлиб, бу ўтган йилнинг биринчи чорагига (21,6 триллион) нисбатан 13,4 фоизга кўпдир.

Шундан 12,5 триллион сўми давлат улуши бўлган 10 та солиқ тўловчига тўғри келди. Ўнталикнинг энг юқори солиқ тўлови ставкаси бўйича етакчиси Навоий кон-металлургия комбинати — 6,22 триллион сўм.

Кейинги ўринларда: Олмалиқ кон-металлургия комбинати — 1,96 триллион сўм, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини газ билан таъминловчи «Ҳудудгазтаъминот» — 899,1 миллиард сўм, UzGasTrade — 842,4 миллиард сўм, «Ўзбекнефтгаз» — 721,2 миллиард сўм.

Давлат улуши бўлган йирик солиқ тўловчилар орасида олтинчи-ўнинчи ўринларни қуйидагилар банд этди: «Навоийуран» — 491,3 миллиард сўм, «Ўзтрансгаз» — 418,6 миллиард сўм, UzAuto Motors — 324,3 миллиард сўм, «Навоийазот» — 314,4 миллиард сўм ва «Ўзбектелеком» — 302 миллиард сўм.

Яна 2 триллион сўм солиқ 10 та хусусий корхона ҳиссасига тўғри келди.

Ушбу ўнталикда 1994 йилдан буён тамаки ва таркибида никотин бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқараётган UZBAT қўшма корхонаси барқарор тарзда биринчи ўринни эгаллаб турибди — 646 миллиард сўм.

Кейинги ўринда турли мураккабликдаги саноат ва технологик объектларни қуришга ихтисослашган Enter Engineering компанияси — 323 миллиард сўм.

Учинчи ўриндаги яна бир тамаки корхонаси — Tashkent Tobacco уч ойда 199 миллиард сўм тўлаган.

Кейинги ўринларда иккита банк: «Капиталбанк» — 198 миллиард сўм ва «Ҳамкорбанк» — 142 миллиард сўм.

Олтинчи ўринда 141 миллиард сўм билан нефть-газ корхоналарига қудуқлар қуриш ва капитал таъмирлаш хизматларини кўрсатувчи Eriell нефть-сервис компанияси.

Еттинчи ўринда Unitel (Beeline) уяли алоқа оператори — 133 миллиард сўм.

2023 йил май ойида рўйхатдан ўтган Gid License Plate хорижий корхонаси январь-март ойларида 102 миллиард сўм солиқ билан саккизинчи ўринни эгаллади. Бу корхона яқинда қабул қилинган мопедлар ва скутерларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасида эслаб ўтилганди. Лойиҳада автомобиль рақамларини аукцион орқали оширилган ставка бўйича сотишдан тушган маблағлар тақсимотини ўзгартириш таклиф этилмоқда: ҳар бир рақамдан БҲМнинг 3,5 баравари (1,19 миллион сўм) — Gid License Plate компаниясига, қолган сумманинг 80 фоизи — давлат бюджетига, 20 фоизи — Ички ишлар вазирлигининг махсус жамғармасига ўтказилади. Бунга Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 1 июлдаги 224−35-сонли (оммага очиқ эмас) автомобиль рақамлари ишлаб чиқаришни хусусий секторга ўтказиш тўғрисидаги қарори асос бўлган.

Universal Packing Masters компанияси 79 миллиард сўм билан тўққизинчи ўринни эгаллади. У Хитойда полимер қадоқлаш материалларини ишлаб чиқарувчи йирик компаниялардан бири бўлган DA WEI заводининг Ўзбекистондаги вакили ҳисобланади.

10-ўринда Korzinka.uz супермаркетлар тармоғига эгалик қилувчи Anglesey Food компанияси жойлашган — 68 миллиард сўм.

Ўтган йилга нисбатан нималар ўзгарди?

Солиқ қўмитаси 2023 йилнинг биринчи чораги учун маълумотларни эълон қилмаган, аммо ўтган йилнинг 11 ойи учун маълумотлар мавжуд бўлиб, унда топ-20 талик қуйидагича жойлашган:

Давлат корхоналари орасида:

  1. НКМК — 22,29 триллион сўм,
  2. ОКМК — 7,85 триллион сўм,
  3. «Ўзбекнефтгаз» — 4,32 триллион сўм,
  4. «Навоийуран» — 2,61 триллион сўм,
  5. UzGasTrade — 2,59 триллион сўм,
  6. «Ҳудудгазтаъминот» — 2,4 триллион сўм,
  7. UzAuto Motors — 1,5 триллион сўм,
  8. «Иссиқлик электр станциялари» — 1,4 триллион сўм,
  9. «Ҳудудий электр тармоқлари» — 1,24 триллион сўм,
  10. «Ўзавтосаноат» — 1,12 триллион сўм.

Хусусий сектор корхоналари орасида:

  1. UZBAT — 2,18 триллион сўм,
  2. Unitel — 687 миллиард сўм,
  3. Eriel O. S. M. E. DMCC — 675 миллиард сўм,
  4. «Капиталбанк» — 552 миллиард сўм,
  5. Tashkent Tobacco — 480 миллиард сўм,
  6. «Ҳамкорбанк» — 418 миллиард сўм,
  7. Enter Engineering — 407 миллиард сўм,
  8. Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan — 293 миллиард сўм,
  9. International Beverages Tashkent (Pepsi ва бошқа ичимликлар ишлаб чиқарувчиси) — 238 миллиард сўм,
  10. Sanoat Energetika Guruhi — 228 миллиард сўм.
2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.