Аҳолини рўйхатга олишнинг даврий жиҳатлари

Улашиш:

Мамлакатимизда аҳоли таркибининг ҳолати ва ривожланиш динамикаси ҳақида республикани ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш ва амалга ошириш учун зарур бўлган ишончли ва холис ахборотни олиш бугунги куннинг энг муҳим долзарб масалалардан биридир. Аҳолини рўйхатга олиш 2023-йилда ўтказилиши керак эди, лекин объектив сабабларга кўра қолдирилди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш ишларини амалга ошириш 2025-2026-йилларда ўтказилиши режалаштирилмоқда. Аҳолини рўйхатга олиш натижаларини тайёрлаш ва эълон қилиш ишларини амалга ошириш 2026-2027-йилларга мўлжалланмоқда. 

Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга тайёргарлик кўриш ишларини қуйидаги йўналишларда тизимли давом эттирилмоқда:

  1. аҳолини рўйхатга олишни аҳолининг кенг оммасига тушунтириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларида фойдаланиш учун видеоролик, баннер, флаер ва буклетлар тайёрлаш;
  2. 2021 йилда ўтказилган синов натижалари ва халқаро экспертларнинг тавсиялари асосида аҳолини рўйхатга олиш саволномалари шаклларини такомиллаштириш;
  3. халқаро тажриба ва экспертларнинг тавсиялари асосида «Аҳолини рўйхатга олиш» ахборот тизимини такомиллаштириш;
  4. «STATA» амалий дастурий пакети лицензиясини харид қилиш ва унда рўйхатга олиш натижаларининг чиқувчи жадваллари намуналарини шакллантириш;
  5. аҳолини рўйхатга олишнинг ташкилий режасини ишлаб чиқиш.

Шунингдек, Статистика агентлиги қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам рўйхат олиш ишларига тайёргарлик кўрмоқда. Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишни ташкил этишда қуйидаги чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган:

  1. 2024-2025-йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга оширишга доир услубий ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
  2. 2024-2025-йилларда2022 йилда ўтказилган синов натижалари асосида қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш саволномалари шаклини такомиллаштириш;
  3. 2024-2025-йилларда Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш бўйича хорижий давлатлар тажрибаларини ўрганиш;
  4. 2025-2026-йилларда Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этиш;
  5. 2027-2028-йилларда Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш ишларини амалга ошириш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш.

Аҳолини рўйхатга олиш аҳоли сони, жинси ва ёш таркиби, яшаш шароити ва миграциясининг тўлиқ тасвирини шакллантиради. Бирлашган миллатлар ташкилоти аҳолини камида 10 йилда бир марта рўйхатга олишни тавсия қилади. Аҳолини рўйхатга олиш миллий сиёсатни ишлаб чиқиш ва режалаштириш, шунингдек, мамлакат ривожланишини кузатиш учун асосий ахборотларни тақдим этади.

Аҳолининг турар жой, уй-рўзғор буюмлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийимғкечак, тиббий асбоб-ускуналари ва дори-дармонлар, ижтимоий хизматлар, иш ўринларига бўлган талаб учун муҳим аҳамиятга ахборотларни аҳоли тўғрисидаги ишончли маълумотлар асосидагина аниқлаш мумкин.

Аҳолини рўйхатга олиш ҳақиқатда яшаётган аҳоли тўғрисида нафақат бутун мамлакат бўйлаб, балки минтақалар кесимида ҳам маълумот беради. Аҳоли тўғрисидаги маълумотлар турли маъмурий манбаларда ва давлат идораларининг маълумотлар базаларида мавжуд, бироқ уларнинг барчасида ахборот тўлиқ эмас. Бу тўлиқ тасвирни шакллантириш имконини бермайди.

Мисол учун, фуқароларни расмийлаштириш ва миграция бўлимларида фуқароларнинг рўйхатга олинган жойи тўғрисида маълумотлар бор, аслида эса бу одамлар бошқа манзилда, вилоятда ёки мамлакатда яшаши мумкин. Шунингдек, сайловчилар рўйхатларида ҳам аҳоли тўғрисида тўлиқ маълумотлар бўлмаслиги мумкин.

Аҳолини рўйхатга олиш макроиқтисодий кўрсаткичларни келгуси 10-20 йиллик даврга прогноз қилиш учун ҳам зарур. Статистик маълумотлар манзилли дастурларни ишлаб чиқиш, фуқаролар саломатлигини мустаҳкамлаш, оилаларга моддий кўмаклашишда муҳим аҳамиятга эга. Аҳолини рўйхатга олиш маълумотлари давлат мактаблари, кутубхоналар, соғлиқни сақлаш марказлари, шунингдек. Энергия ресурслари ва сув таъминотига бўлган эҳтиёжни кўрсатиб беради. Аҳолини рўйхатга олиш натижалари ҳукумат томонидан маҳаллий ҳокимият органларига ажратилиши зарур бўлган маблағ миқдорини аниқлашга ёрдам беради. 

Аҳолини рўйхатга олиш тадбиркорлик ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Аҳоли сони ва даромади, унинг турар-жойга бўлган эҳтиёжи тўғрисидаги маълумотларга эга бўлган ҳолда, масалан, маиший техника ишлаб чиқарадиган корхоналар ишлаб чиқариш ҳажмини прогноз қилишлари мумкин, уларни импорт қилувчи компаниялар эса харидларни режалаштиришлари ва зарарни минималлаштиришлари мумкин.Аҳолини рўйхатга олиш мамлакатлар учун энг йирик статистик тадбир ҳисобланади. Уни ўтказиш харажатлари статистика органларининг йиллик жорий бюджетларидан сезиларли даражада ошади.

Демак, аҳолини рўйхатга олиш қанчалик ортга сурилса, аҳоли тўғрисида илмий асосланган сиёсат ва инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш имконини берадиган муҳим маълумотларни олиш имкониятидан шунчалик узоқлашамиз.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.