Амирнинг фожиали ўлими ёки салтанатни синдирган ёнғин

Улашиш:

Амир уйғонганида занжирбанд шер ҳамиша унинг хонасида турарди. Бироқ ўша тунда хизматкорлар негадир бу жониворни ётоққа олиб киришни унутдилар. Қўриқчи йиртқич шернинг йўқлигидан фойдаланган бир гуруҳ қуллар учун эса бу айни муддао эди. Улар ётоққа кириб, амирнинг бошини танидан жудо қилдилар...

Амир Аҳмад Ибн Исмоил ваҳшийларча ўлдирилганидан сўнг амалдорлар қотил ва суиқасдга буюртма берганларни тутиб дорга осишди. Амир қилиб эса Саъид Абулҳасан Насрни тахтга ўтқаздилар. Марҳум ҳукмдорнинг бу ўғли тахтга чиққанида эндигина саккиз ёшга тўлган эди.

Самонхудотлар авлодидан бўлган Сомон қишлоғи оқсоқоли Исмоил араб халифалигига қарам бўлмиш Бухорони 874 йилда, орадан 18 йил ўтиб эса, бутун Мовароуннаҳр ҳукмдорлигини қўлга киритди. 849 йилда Фарғонада туғилган Исмоил шу тариқа кўп йиллар халифаларга хизмат қилди. У салтанат марказидаги бошбошдоқликдан фойдаланиб, икки дарё оралиғининг ҳокими даражасига етган сомонийлар сулоласининг (892–907 йилларда Исмоил ҳукмдорлик қилган, сулола эса 1005 йилгача унинг авлодлари томонидан давом этдирилган) асосчиси эди.

Исмоил ва ўғли Аҳмад Мовароуннаҳрни халифаликка қарамликдан озод этиб, ўлкада давлатчиликни қайта тиклади. Ҳатто, Хуросон ва шимолий Эронни ҳам ўз тобелигига киритгандилар. Амир Аҳмад ибн Исмоил 914 йил 12 январда қуллар томонидан ўлдирилгач, тахтга яна бир сомоний – Саъид Наср ўтирди.

Наср саккиз ёшда бўлгани боис давлат ишларини Ал-Жайҳоний, ибн Али каби вазир ва сипоҳисалорлар бошқарган. Бу пайтда сомонийлар қарамликдан қутулган эди. Аммо халифалик Мовароуннаҳрни яна исканжага олишни истар, қолаверса, шарқдаги бошқа кучлар ҳам давлатга таъсир ўтказиш йўлларини изларди. Шундай вазиятда доно вазирлар ҳокимият жиловини қаттиқ тутдилар. Зеро, заиф сиёсат олиб бориш сомонийларнинг парчаланиб кетишига сабаб бўларди. Боз устига ёш амирнинг амакиси Исҳоқ ва унинг ўғли Абу Солиҳ Самарқанд ҳамда Нишопурда исён кўтариб, ушбу шаҳар ҳокимлигини беришни талаб қилдилар. Ёш амир исёнкорларга қарши Али сипоҳисалор бошчилигидаги қўшинни юборди. Қақшатқич жанглардан сўнг ҳокимлик ҳавасидаги амакизодалари мағлуб бўлди. Шу тахлит Наср сомонийлар давлати парчаланиб кетишининг олдини олди. Наршахийнинг «Бухоро тарихи» асарида ёзилишича, «у адолатли подшоҳ бўлиб, отасидан ҳам одилроқ эди».

Йиллар ўтиб Наср вояга етгач, ҳокимият жиловини ўз қўлига олди. Бобоси ва отасининг давлатини девонларга бўлиб бошқариш сиёсатини давом эттирди. Бундан ташқари унинг даврида Мовароуннаҳрда кончилик ривожланиб олтин, кумуш, мис, қўрғошин қазиб олиш, Самарқандда қоғозсозлик, кўнчилик ривож топди. Ҳатто, ранг-баранг шиша идишлар, безаклар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, ушбу буюмлар Хитойга олиб бориб сотиларди. У ердан эса ипак, шоли, мўйна харид қилиб келинарди.

Давлат ишлари ва халқаро алоқаларниям йўлга қўйган амир Наср ҳукмдорлигининг 13-йили – 927 йили 21 ёшида Бухорога Абул Аббос деган кишини ҳоким этиб тайинлади. Ўзи Нишопурдан туриб сомонийлар давлатини бошқарди.

Ўша йили Насрнинг Нишопурга кетганидан фойдаланган Абу Закарий Бухорода фитна чиқармоқчи бўлди. Бироқ амир Наср унинг норозилиги сабабини суриштириб, ўзини Нишопурга чақириб олгач, фитна даф этилди.

Орадан яна йиллар ўтди. Дориломон кунларнинг бирида Бухородаги бозорга ўт тушди. Ёнғин 937 йилнинг майида содир бўлди. Бунга сабаб ҳалимпазнинг дўкони эди. Наршахийнинг ёзишича, «ушбу дўкон Самарқанд дарвозасида бўлиб, ҳалимпаз ҳалим қозони тагидаги кулни томга олиб чиқиб, томда чуқурлик бор экан, уни тўлғизмоқчи бўлган. Кул орасида бир бўлак чўғ бор экан, ҳалимпаз уни сезмаган ва шамол чўғни олиб бориб, қамишдан ясалган бир уйга урган. У уйни ўт олиб, ундан ҳамма бозорларга ўт кетган ва Самарқанд дарвоза маҳалласи буткул куйган».

Ёнғин бозордаги тим, карвонсаройларни ҳам қамраб олган эди. Фақат учинчи кунигина бухороликлар ўтни ўчиришга муваффақ бўладилар. Ўт балоси сабабли, бозордаги ёғочлар тупроқ тагида бир ойгача куйиб ётди. Бу офат бухороликларга юз минг дирҳамдан ортиқ зиён келтирди.

Гарчи амир Наср машъум воқеадан огоҳ бўлиб, вайронани обод қилишга кўп ҳаракат қилса-да, Бухородаги иморатларни худди илгаридагидек қилиб қуришнинг имкони бўлмади.

Ушбу воқеадан олти йил ўтиб, яъни 943 йили сомонийлар давлатини парчаланиб кетишдан сақлаб қолган, уни қудратли қилган амир Саъид Абуҳасан Наср ибн Аҳмад ибн Исмоил ас-Сомоний ҳаётдан кўз юмди. Насрнинг ҳукмдорлиги 29 йил давом этиб, у 37 ёшида касалланиб, дорил бақога рихлат қилган эди.

Умид Бекмуҳаммад,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.