Рим папаси, денгизчи Папай каби номлар яралишига туркий тил сабабчи бўлганми?

Улашиш:

Ўзбек тилида ифода этганимиз жумлалар “бобо” ва “дада” турк тилида тескари айтилади. Яъни, туркчага бобо “деде” дея, дада эса “баба” деб таржима қилинади. Бир қарашда бизда тўғри қўлланган сўзлар турклар Олд Осиёга силжигач ўзгариб қолгандек. Аслида эса ундай эмас. 

Рус тилида ота “папа” дейилади, бобо эса “дедушка”. Бизнинг тилимиздаги сўзлар ҳозирда бутун дунё танийдиган Рим папаси, денгизчи Папай (аслида, бобой) каби номлар яралишига сабабчи бўлган. Муаррихларнинг асарларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур бир муддат Тошкентда, хон додаси Юнусхон ҳузурида истиқомат қилгани ёзилган. Юнусхоннинг Қутлуғ Нигорхонимга оталиги, Бобурга боболигини инобатга олсак, бизда қадимда бу сўз ҳозирги турк тилидагидек ишлатилгани аёнлашади. Ҳозир ҳам пойтахтимизнинг Эски шаҳар қисмида бобони “дода” дея чақиришади. 

Энди тилимизда мавжуд бўлган “момо” истилоҳига ҳам тўхталсак. Бу калима даставвал онани англатган. Одам Ато ва Момо Ҳаво деганда Одам Ота ва Ҳаво Она тушунилган. Рус тилида ҳам бу калом “мама” дейилади. 

Эҳтимол, сиз Ҳинд-Европа тиллар оиласида шунақа, бунинг туркий асоси йўқ дерсиз. Сиз ҳақсиз. Аммо билмаганингиз бир нарса бор: Хитой тилида ҳам отани “баба”, онани “мама” дейишади. Хитойчанинг эса инглиз, рус тилларига алоқаси йўқ. Дарвоқе, англо-саксонлар “гранддад” деганда бобони, “грандмом” деганда момони назарда тутишади. Ушбу атамалар ўзбекчага катта ота ва катта она дея ўгирилади. 

Ҳозирги турк тилида бизнинг тилимизда истеъмолдан чиқиб кетган, архаик ва тарихий мақомга ўтиб олган сўзлар кенг қўлланади. Баъзан эса юқоридаги каби ўрин алмашиш ҳодисаси юз берганини кўришимиз мумкин. Бунда ўзгаришлар Она Дўли Салжуқийларнинг эмас, Ўрта Осиё Чиғатойларининг авлодлари томонидан амалга оширилган. 

Турк тилида “бабажим” (бабаcим) дегани ўзбекчага “дадажон” дея ўгирилади. Сўзнинг иккинчи қисмидаги “жим” бизнинг тилдаги “жон”га тўғри келади. Ҳинд тилида айнан шу қўшимча “же” дея талаффуз қилинаркан. Ҳиндлар “бабуже” деганда отахон дея мурожаат қилаётган бўларкан. Ўхшашликни қаранг. 

Ҳиндистонга туркий сўзларнинг кўпи турк-мўғул истилоси билан кириб борган. Даставвал, кушонлар, кейинчалик эфталийлар, кидарийлар, хионийлар, ғазнавийлар, ғурийлар, хоразмшоҳлар, темурийлар ва бобурийлар бу сирли диёрни ишғол қилишган. Аҳолининг сўзлашуви орқали тиллар ўзаро омихталашиб, қоришиб борган. 

Рус тилига эса энг катта таъсир Олтин Ўрда даврида юз берди. Кўпчилик тарихчилар гапни нуқул Турк хоқонлиги атрофида айлантирсалар-да, аммо тан олиш керакки, айнан Ўзбекхон ва Жонибекхонлар юритган адолатли сиёсат славянларнинг туркча сўзларни ўзлаштиришига олиб келган. 

Ушбу мақола этногенез, миллатлар аралашуви ҳақида эмас. Турли тилларда яқин қариндошларнинг номланишидаги ўзаро ўхшашликлар ҳақида: 

1. Ҳар бир оилада туғилган чақалоқ энг аввал онаси ва отаси билан мулоқотда бўлади. 

2. Гўдакнинг илк талаффузидаги товушлар лаб-лаб ва тил-тиш комбинацияси орқали амалга ошади. 

3. Гўдак лабга лабни тегизиш билан баба, папа, бобо, мама, момо, ома, бабу, умми, абу каби сўзларни айтади. 

4. Гўдак тил ундошлари орқали она, эна, ойи, ая, оя, оча, дада, ота, ата, дода, деде, дед (дад) каби сўзларни талаффуз қилади. 

5. Оиладаги ота-онадан кейинги ўриндаги қариндошлар номлари ҳам бир ёки икки бўғинда: ака, ука, опа, амма, хола, тоға, дайи, дядя, тётя, абла, аба, оға, ини, ант (аунт). 

6. Тилларнинг илдизи битта: у ҳам бўлса гўдак тили. Энг ибтидоий сўзлар айнан чақалоқ нутқи орқали пайдо бўлган. Болакайлар улғайган сари бошқа нарсаларни ҳам номлаб кетаверишган. Яқин қариндошларни ифодалайдиган сўзлар тилимиздаги энг қадимий калималардир. 

Ҳозир ҳам дунёнинг исталган бурчагидаги тили чиқаётган гўдак шу сўзларни айтади. Бироқ атрофдаги катталар кейинчалик улар айтган сўзларга эмас, бошқа жумлаларга тушунчаларни кодлашни ўргатадилар. Бола улғайган сари тили, миллати, дини, маданияти фарқлана боради. 

Анвар ЭШНАЗАРОВ

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.