Гриппдан сўнг организмнинг тикланиш муддати ва мутахассислар тавсиялари

Улашиш:

Куз-қиш мавсумида гриппга чалиниш ҳолатлари кўпайиши билан боғлиқ ҳолда, организмнинг касалликдан кейин қандай тикланиши ҳақида билиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб. Тошкент шаҳар 4-сон юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Шахло Исамухаммедованинг таъкидлашича, гриппдан кейинги асоратлар унинг симптомларидан ҳам хавфлироқ бўлиши мумкин. Шу сабабли касалликни енгиб ўтказганлар тикланиш жараёнига жиддий эътибор беришлари лозим.

Гриппдан сўнг организм қанча вақтда тикланади?

Тикланиш муддати беморнинг иммунитети ҳолати, касалликнинг оғирлиги ва даволаниш жараёнига боғлиқ равишда ўзгаради:

  • Енгил шаклида — организм тахминан 7-10 кун ичида тикланади.
  • Ўрта оғир шаклида — 10-14 кун, баъзида 21 кунгача чўзилиши мумкин.
  • Оғир шаклида — организмнинг тўлиқ тикланиши ва қувватга келиш учун 3 ойгача вақт талаб этилади.

Нима учун тикланиш муддати узоққа чўзилади?

Грипп вируси организмга кўпгина салбий таъсир кўрсатади:

  • Иммунитетнинг заифлашуви: Вирусга қарши кураш жараёнида иммун тизими кучсизланади, бу эса сурункали хасталикларни қўзғатиши мумкин.
  • Асаб тизимига зарар: Грипп инфекцияси асаб тизимини ҳам зарарлаб, мияга токсинлар орқали таъсир кўрсатади. Бу ҳолат уйқу бузилиши, бош оғриғи, хотира сусайиши ва жиззакиликка олиб келади.
  • Асоратлар хавфи: Гриппнинг оқибатида вирусли пневмония, менингит, юрак ишемик касалликлари, бронхиал астма ва бошқа сурункали хасталиклар пайдо бўлиши мумкин.
  • Дори воситаларининг таъсири: Гриппни даволаш учун қўлланилган дори-дармонлар жигар, буйрак ва овқат ҳазм қилиш тизимига ножўя таъсир кўрсатиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Гриппдан сўнг организмни тиклаш учун тавсиялар

Гриппдан кейинги ҳолсизлик ва чарчоқни бартараф қилиш учун қуйидаги тавсияларга амал қилиш муҳим:

  1. Жисмоний фаолликни чеклаш: Организмни ортиқча чарчашдан асраш учун оғир жисмоний ишларни вақтинча чеклаш лозим.
  2. Тўғри овқатланиш: Витаминлар, минераллар ва пробиотикларга бой озиқ-овқатлар истеъмол қилиш организмни қувват билан таъминлайди.
  3. Иммунитетни мустаҳкамлаш: Шифокор тавсиясига кўра витамин терапияси ва иммуномодуляторлар қўллаш мумкин.
  4. Физиотерапия ва массаж: Қон айланишини яхшилаш ва умумий ҳолатни тиклаш учун физиотерапия машқлари ва массаж самаралидир.
  5. Стрессдан сақланиш: Организмнинг тикланиши учун тинчлик ва тўлиқ уйқу муҳим аҳамиятга эга.
  6. Ичак микрофлорасини тиклаш: Табиий йўғуртлар ва пробиотикларни истеъмол қилиш ичаклар фаолиятини яхшилашга ёрдам беради.

Гриппдан сўнг организмнинг тўлиқ тикланишига жиддий ёндашиш керак. Шифокор кўрсатмаларига қатъий риоя қилиш, турмуш тарзини тўғри ташкил этиш ва соғлом овқатланиш бу жараённи тезлаштиради. Энг муҳими, ҳар қандай асоратларнинг олдини олиш учун профилактика чораларига эътибор бериш зарур.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.