Инсон миясининг қариши — табиий, лекин индивидуал жараён. Унга генетика, турмуш тарзи ва ташқи муҳит омиллари сезиларли таъсир қилади. Бу ҳақда Genomic Psychiatry журналида чоп этилган тадқиқотда айтиб ўтилган.
Қариш жараёнини секинлаштирувчи омиллар
Тадқиқотда келтирилишича, баъзи турмуш тарзи хусусиятлари миянинг қариш жараёнини секинлаштириши мумкин:
- Жисмоний ва ақлий фаоллик – мунтазам машқлар ва ақлий машғулотлар.
- Нормал қон босими ва холестерин даражаси – юрак саломатлиги мия ҳолатига бевосита таъсир қилади.
- Тамакни ташлаш – никотин оқ моддани зарарлаши мумкин.
- Янги тилларни ўрганиш ва мусиқа асбобида чалиш – мия нейропластиклигини оширади.
Қариш жараёнидаги фарқлар
Эдинбург университети олиб борган тадқиқотга кўра, инсон мияси асосан икки босқичда — тахминан 44 ва 60 ёшда тезроқ қарийди. 73 ёшда иштирокчиларнинг миялари MRT орқали текширилганда, уларнинг орасида катта фарқлар аниқланган.
Миянинг оқ моддаси — асаб ҳужайралари ўртасидаги алоқани таъминловчи тўқима. Унинг зарарланиши ахборотни қайта ишлаш қобилиятини пасайтиради. Баъзи иштирокчиларда оқ модда соғлом бўлиб қолган бўлса, бошқаларида унинг қисқариши кузатилган.
“Ҳамма бир хил ёшда бўлишига қарамай, уларнинг мия ҳолати ҳар хил эди. Бу, мия қариши муқаррар жараён эмаслигини кўрсатади”, дейди тадқиқот муаллифи Саймон Кокс.
Когнитив супер қарилар
Хотира ва ақлий қобилиятлари 20-30 ёшлик одамларникидек ўткир бўлган кексаларга “когнитив супер қарилар” дейилади. Бу каби одамларда оқ модда яхлитлиги сақланган бўлиб, мия ҳали ҳам фаол ишлайди.
Олимлар миянинг қариши жуда индивидуал жараён эканини таъкидламоқда. Генетика муҳим роль ўйнаса-да, фаол турмуш тарзи, тўғри овқатланиш ва саломатликка эътибор мия соғломлигини сақлашга ёрдам беради. Шундай қилиб, ҳар бир инсон ўз когнитив қобилиятларини сақлаш учун алоҳида ҳаракат қила олади.
Эслатиб ўтамиз, қаришни секинлаштириш учун рационга мева-сабзавотлар, омега-3 ёғ кислоталари ва антиоксидантлар қўшиш тавсия этилади. Тўғри овқатланиш орқали нафақат мия фаоллигини, балки умумий саломатликни ҳам яхшилаш мумкин.