Акмал Саидов: Прописка бу – камситиш ёки дискриминациядир

Улашиш:

 25 январ куни Халқаро пресс-клубнинг Ўзбекистон Республикаси Президентнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасига бағишланган навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.

Унда Сенат раисининг биринчи ўринбосари — Содиқ Сафоев, Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари — Акмал Саидов, Молия вазири — Жамшид Қўчқоров, Ташқи ишлар вазири — Абдулазиз Комилов, Адлия вазири — Руслан Давлетовлар иштирок этишди.

Сессияда Қонунчилик Палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, ҳуқуқшунос олим Акмал Саидов прописка тизими тўғрисида шундай деди:

Халқаро ҳуқуқий нуқтаи назардан прописка бу камситиш, ёки дискриминациядир.

Шунингдек, Молия вазири Жамшид Қўчқоров прописка тизими ҳақида ўз фикрларини билдирди:

"Прописканинг бекор қилиниши иқтисодиётнинг ўсишига кўмак беради. Яъни иш одам қидирмайди, балки одам иш қидириши мумкин бўлади. Ўз ўрнида урбанизация ривожланади.

Прописка тушунчаси ҳеч қаерда йўқ. Бизда ҳам йўқ бўлиши керак. Европада нега ривожланиш даражаси юқори, чунки аҳоли у ерда мобил. Масалан, фуқаро бир ҳудуддан нарсаларини машинага ортади ва кўчиб кетади. Бизда-чи, бир неча йиллардан бери бир шаҳардан, ёки қишлоқдан силжимасдан яшаб келаётган ватандошлар бор," - деди Молия вазири.

Эслатиб ўтамиз, 24 январ куни Шавкат Мирзиёев Парламентга Мурожаатнома йўллади. Унда президент парламент ва Ҳукуматга ички миграцияни эркинлаштиришдир, 2020 йил 1 апрелга қадар прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиб, аниқ таклифларни ишлаб чиқишни айтди. 

Шундан сўнг, амалдорлар ҳам очиқ равишда прописка тизимининг зарарларини гапира бошлади.  

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.