Жиззахдаги олийгоҳ Германиядаги олийгоҳ билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда

Улашиш:

Жиззах политехника институти ректори А.Усманкулов шу кунларда хизмат сафари билан Германия Федератив Республикасида бўлиб турибди.

Ташриф асосан Ахеннинг Рейн-Вестфалия техника университетида амалга ошмоқда. Юртимиз делегацияси аъзолари университет фаолияти, моддий техника базаси, иқтисодиёт, технология, саноат ва бошқа кўплаб соҳаларда эришган ютуқлари билан яқиндан танишишмоқда. Ташриф давомида мазкур университет ректори, профессор Улрич Рудигер билан расмий учрашув бўлиб ўтди. Унда томонлар олий таълим муассасалари ўртасида илмий, педагогик ва таълим йўналишларида ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилдилар. 

Эслатиб ўтамиз, ушбу ташрифда ЖизПИ ректори А.Усманкулов билан бирга “Ўзавтосаноат” бошқарув раисининг биринчи ўринбосари А.Шукуров, «Ўзавтосаноат» стратегик режалаштириш дирекцияси бошлиғи Р.Қодиров, “Самавто” МЧЖ бош директори Ў.Юлдашев, “Man Auto Uzbekistan” МЧЖ бош директори Ё.Кабулниязов, “Узавтотрейлер” бош директори А.Ходжибоев, “Mega invest industrial” МЧЖ бош директори А.Кучкинов ҳамда ТАЙЛҚЭИ ректори О.Рискуловлар иштирок этишмоқда.
Ахеннинг Рейн-Вестфалия техника университети салоҳиятли таълим маскани ҳисобланиб, таркибида 220 та институт мавжуд.

Университет немис компаниялари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, уларнинг буюртмаларини ишлаб чиқаради. Маълумотларга кўра, университет бюджети 1,0 млрд. еврони ташкил қилади.

Таълим муассасаси Германия автосаноатига 50-60 фоиз маҳсулотни буюртма бўйича тайёрлаб беради. Базальт толасидан кислород балон, амортизатор пружиналари, кузов тунукалари, хуллас барча соҳаларга енгил, мустаҳкамлиги юқори, арзон бўлган пластик материаллар ишлаб чиқаради ва асосийси, ушбу жараёнда тўлиқ профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этишади. 

Жиззах политехника институти матбуот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.