Жиззахда Давлат хизматлари тизимига тушган 73 та мурожаатга қандай ечим топилди?

Улашиш:

Давлат органларига мурожаат  йўллаш учун бугун жисмоний ва юридик шахсларда турли имкониятлар мавжуд. Кимдир хат орқали шикоят ёки таклиф юборса, яна кимдир вирткал тармоқларни маъқул кўради. Яна бир гуруҳ эса “Ишонч телефонлари”дан фойдаланиб, мурожаатига ечим излайди.

2020 йилнинг биринчи чорагида Давлат хизматлари агентлиги Жиззах вилоят бошқармаси томонидан кўриб чиқилган мурожаатлар орасида уларнинг барчаси мавжуд.   

Фуқаро Т.Э. газ ҳисоблаш ускунасини қиёсловдан ўтказишда амалий ёрдам сўраб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Шароф Рашидов туман Халқ қабулхонасига мурожаат қилди. Унинг мурожаати тегишли тартибда Давлат хизматлари агентлиги Жиззах вилоят бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш давомида, фуқаро Т.Э. томонидан газ ҳисоблаш ускунасини қиёсловдан ўтказиш бўйича белгиланган тартибда Давлат хизматлари маркази орқали ваколатли органга мурожаат қилинмаганлиги маълум бўлди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 августдаги 698-сон қарори билан тасдиқланган “Табиий газни ҳисобга олиш ускунасини (ҳисоблагични) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш”нинг Маъмурий регламентига кўра, 2019 йил 1 ноябрдан бошлаб ушбу давлат хизматларидан фойдаланиш учун юридик ва жисмоний шахслар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали мурожаат қиладилар.

Шунга мувофиқ, фуқарога газ ҳисоблаш ускунасини қиёсловдан ўтказиш учун Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилиш тушунтирилди. 

Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, ҳозирда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 176-сон қарорига кўра, Давлат хизматлари марказлари томонидан газ ҳисоблаш ускунасини қиёсловдан ўтказиш бўйича юридик ва жисмоний шахслардан мурожаатларни қабул қилиш маълум муддатга тўхтатилган.

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси томонидан ўтган даврда шу мазмундаги мурожаатларнинг 5 таси кўриб чиқилган. Соҳалар бўйича таҳлилга кўра, энг кўп 18 та мурожаат фарзандини мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш масаласида бўлган. Шунингдек, ФҲДЁ органлари фаолияти билан боғлиқ 5 та, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 5 та, кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилишига оид 5 та, тизимга ишга кириш борасида 1 та ҳамда турли соҳаларга оид ҳар хил масалалар юзасидан 34 та мурожаатлар кўриб чиқилган.

- Январь ва март ойларида бошқармага жами 73 та мурожаатлар келиб тушган, - дейди ДХА Жиззах вилоят бошқармаси ходими Бунёд Йўлдошев. -  Шундан 36 таси виртуал қабулхона орқали, 37 таси бевосита бошқармага келган мурожаатлардир. Бевосита мурожаатларнинг 8 таси ёзма шаклда, 7 таси ишонч телефони, 2 таси веб-сайт ва 20 таси электрон почта орқали келиб тушган.

Жорий йилнинг биринчи чорагида тушган мурожаатларнинг сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28 тага (2019 йил 1-чорагида 45 та), ёки 38,3 фоизга ортган.

Мурожаатларнинг 20 таси қаноатлантирилган, 27 таси бўйича муаллифларга тушунтиришлар берилган. 3 та мурожаат рад этилган бўлса, 2 таси тегишлилиги бўйича бошқа органларга юборилган, 7 та мурожаатлар ўрганиш жараёнида. 

Таҳлилларга кўра энг кўп тушган мурожаат, фуқароларнинг фарзандларини мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш масаласида тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатади. Давлат МТМларида қабул сони чекланганлиги, бунинг натижасида навбат кутиб қолаётганлар сони ортиб бораётганлиги ва узоқ муддат кутишга сабаб бўлинаётганлиги натижасида бу борадаги мурожаатлар сони камаймаяпди (2019 йил давомида шу масаладаги мурожаатлар 25,5 %ни ташкил қилган).

Мазкур муаммоли ҳолатларга ечим сифатида шаҳар ва туманларда давлат МТМлари сонини кўпайтириш, шунингдек, фуқароларнинг фарзандларини нодавлат МТМларга жалб қилинишини рағбатлантириш масалаларини кўриб чиқиш таклиф қилинган.

Мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида қонун бузилиши аниқланган ҳолатлар бўйича 2 та таъсир чоралари қўлланилган, шундан 1 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, 1 та тақдимнома киритилган. 

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар шўъбаси

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.