Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармаси ходимлари Зомин туманида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Сovid-19га қарши самарали деб тавсия этилган дори-дармон нархлари, уларнинг уч ойлик захирани яратиш ҳамда савдо қоидаларига риоя этиш ҳолатлари бўйича ўрганиш ўтказдилар.
Дастлаб хусусий дорихоналардаги вазият кўздан кечирилди. Ўрганишнинг ҳаққонийлигини таъминлаш мақсадида 49 турдаги дори воситаларининг мавжудлиги ва нархи ёзилган рўйхат ҳар бир дорихона сотувчиси томонидан алоҳида тўлдирилди. Ўрганиш вақтида ҳозирги кунда талаб энг юқори бўлган арбидол, азитромицин, гепарин, анаферон каби дори воситаларининг мавжудлиги, аммо талаб катта бўлганлиги боис сотувда тезда тугаб қолаётгани аниқланди.
“Закия” МЧЖ га қарашли дорихонада ҳам асосий муаммо лимит билан берилаётган дори-дармон воситаларининг тез тугаб қолаётгани экани маълум бўлди. Дорихонага келаётган фуқаролар дори-дармон нархи ошишига эмас, уларни исталган вақти топиб бўлмаётганига эътироз билдирдилар.
Карантин вақтида аҳолининг дори-дармонга бўлган эҳтиёжини сифатли қондириш мақсадида вилоятимиз бюджетидан “Жиззах дори-дармон” МЧЖ учун 2 млрд. сўм субсидия ажратилган эди. Зомин туманида ҳам ушбу МЧЖ негизида ижтимоий дорихоналар ташкил этилган. Жумладан, туманнинг 4-сектори ҳудудига мансуб чекка ҳудудларда 2 та ижтимоий дорихона шохобчаси аҳолига хизмат кўрсатаяпти.
Туркман қишлоғидаги 16-сонли ҚОПда “Жиззах дори-дармон” МЧЖнинг филиали – 79-сонли ижтимоий дорихона ишлаб турибди. ҚОП ҚФЙ ҳудудидаги 7 та қишлоқнинг 10000 нафардан зиёд аҳолисига хизмат кўрсатади.
“Дуоба” қишлоқ врачлик пункти 4000 дан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади. Ҳудуднинг аксар қисми бориш қийин бўлган тоғли ҳудудлардир. ҚВПга энг узоқ бўлган ҳудуд 30 км.ни ташкил этади. 99-сонли Дуоба ҚВПда ташкил этилган ижтимоий дорихонада ҳам дорихоналарда бўлиши шарт бўлган 32 турдаги дори-дармон ҳамда covid-19да самарали бўлган дори воситалари мавжуд.
Бу каби ўрганиш ишлари барча туманларда ўтказилмоқда. Ўрганиш давомида тадбиркорларнинг муаммолари, аҳолининг фикрлари ҳам қайд этиб борилаяпти. Шу ўринда аҳолига мурожаат қилиб, дорихоналарда нархларнинг асоссиз оширилиши, савдо қоидаларининг бузилишига гувоҳ бўлсангиз, Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармасининг 222 07 00 рақамли ишонч телефонига мурожаат қилишингиз сўралади.
Жиззах вилоят давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати