Жиноят иши судлари ярашув институтини қўллаш тартибини жорий қилади

Улашиш:

Суд остонасига қадам қўяётган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига, инсон ҳақ-ҳуқуқлари қонун ҳимоясида эканлигига ишонч ҳосил қилиши керак. Шу мақсад йўлида кейинги йилларда соҳада амалга оширилган ислоҳотларни бутун халқимиз кўриб, ҳис қилиб турибди. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, суд идоралари адолат қўрғонига айланиши учун нимаики зарур бўлса –барчаси босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Айнан шу ислоҳот йўлида Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 10 августдаги куни қабул қилинган “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ҳам бу борадаги яна бир дадил қадам бўлди. Мазкур фармон фуқароларнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, одил судловга эришишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб қолиши, шубҳасиз. Фармон билан шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тартибга солинмоқда.

Фармоннинг учинчи қисмида  “шахсга эълон қилинган айблов, жиноят иши суднинг қайси инстанциясида кўрилаётганлигидан қатъи назар, ярашув институти доирасига тушадиган Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддаси ёки қисмига ўзгартирилган ҳолларда ярашув институтини қўллаш тартибини жорий қилиш” белгиланган.

Бу шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган салмоқли қадам бўлди. Чунки ярашув институти фақат биринчи инстанциясида қўлланилиб келинмоқда. Эндиликда бу қонун хужжатларига ўзгартириш киритилиб жиноят иши суднинг қайси инстанциясида кўрилаётганлигидан қатъи назар, ярашув институти доирасига тушадиган ишларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлади.

Мазкур фармон билан мамлакатимиз суд-тергов тизимига киритилаётган янгилик ва ўзгаришлар ушбу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи сифатида суд идораларининг чинакам адолат қўрғони, фуқаролар қонуний ҳақ-ҳуқуқларининг ҳимоячисига айланишига хизмат қилади. 

 

З.Худайбердиев - Жиноят ишлари бўйича Пахтакор туман судининг раиси

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.