Адвокатура институти янада ислоҳотлашади

Улашиш:

Суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий омили бу инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашга қаратилган. Адвокатура фаолияти эса жамият ижтимоий ҳаётида муҳим институтлардан ҳисобланиб, унга фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг конституциявий вазифаларини амалга ошириш юклатилган. Айниқса, одил судлов ишларини юритишда адвокатура институтининг роли алоҳида.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида: "Айбланувчи ҳимояланиш ҳуқуқи  билан таъминланади. Тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Фуқароларга, корхона, муассаса ва ташкилотларга юридик ёрдам бериш учун адвокатура фаолият кўрсатади. Адвокатурани ташкил этиш ва унинг иш тартиби қонун билан белгиланади", - деб алоҳида белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 августдаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
ПФ-6041-сонли Фармони билан адвокатура институтининг яна бир бор инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг қамровли вазифалари белгилаб берилди.

Жумладан, адвокатура фаолиятини янада такомиллашиши борасида қуйидагилар назарда тутилди:

- тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ходимлари томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчидан ариза, тушунтириш ёки кўрсатувлар олишни мазкур жиноят иши юритувида бўлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьянинг ёзма рухсатига асосан ва фақат ҳимоячи иштирокида амалга ошириш (белгиланган тартибда ҳимоячидан воз кечилган ҳоллар бундан мустасно);

- шахс амалда ушланган ёки уни жиноят устида ушлаш билан боғлиқ тезкор тадбир амалда якунланган ёхуд гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги ҳақидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб у билан боғлиқ процессуал ҳаракатларни ўтказишдан олдин унинг адвокат билан холи учрашиши таъминланиши шартлигини белгилаш;

- ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар бўйича, шунингдек, шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганда ҳимоячининг иштирок этиши шартлигини белгилаш.

Мамлакатимизда ўтган давр мобайнида суд-ҳуқуқ тизими билан биргаликда адвокатура тизимини ислоҳ қилиш мақсадида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмокда. Шу билан бирга адвокатура институти тобора мустаҳкамланиб, адвокат ҳуқуқлари кенгайиб бораётган бўлсада, сўнги йилларда амалга оширилаётган илоҳотларни ҳисобга олинса, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, адвокатура тизимининг қайси бир жиҳатларида ҳанузгача тўсиқлар мавжуд эканлигини кўрсатган.

Шундай экан, адвокатлик касбида ҳуқуқшунос Моҳандас Карамчанд Ганди қўл ёзмаларида адвокатлик касбига шундай таъриф беради “Мен англадимки оқловчилик касби- ёмон касб экан: оқловчида (ҳимоячида) соҳталик кўпу-билим кам бўлар экан. Менда масъулият туйғуси ўсиб бормоқда эди”.

Ҳиндистон миллий озодлик ҳаракатининг раҳнамосини бу сўзларида оқловчи бўлиб иш бошлаганда оқловичлик касбини нақадар машаққатли касб эканлиги ва оқловчи беш-етти йилгача қўл учида кун кўриши ҳақидаги бошдан ўтказган кунлари, кўрган кечинмаларидан келиб чиқиб, оқловчилик касбига таъриф берган.

Мамлакатимиз шароитида ҳам адвокатлик касбини мукаммал ўзлаштирган ва адвокатлик фаолиятини тўла қонун билан баробар ишлашни йўлга қўйган соҳа эгалари кўп албатта. Бироқ Давлатимиз томонидан шахс ҳуқуқларини тўла тўкис таъминлашга қаратилган адвокатура тизимида ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги ёки адвокатлар ҳуқуқларини халқаро стандартларга жавоб бера оладиган корпусга айлантириш олдинда турган муҳим вазифалардан биридир.

2020 йил 10 апрель куни Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Адвокатура институтини янада такомиллаштириш ва адвокатлар мақомини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Ушбу лойиҳадаги қарор билан, Ўзбекистонда адвокатура институтини инқилобий ўзгаришлар кутмоқда. Унда Адлия вазирлигининг адвокатура институтига нисбатан назорат ва бошқариш ваколатларини бекор қилишни ҳамда касбга қабул қилиниш масаласини ҳам ўз ичига олувчи адвокатлар фаолиятини тартибга солишни Адвокатлар палатасига тўлиқ равишда ўтказилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, қарор лойиҳасида замонавий адвокатура институтини янада такомиллаштириш юзасидан муваффақиятли давлат сиёсатини олиб боришга тўсиқ бўлаётган 15 банддан иборат бўлган муаммо ва камчиликлар тизимли равишда очиб берилган.

Юқоридаги талаб ва ўзгаришларда адвокат ваколатига конституциявий қоидаларнинг тўлиқ татбиқ этилаётгани шахс ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимояси учун хизмат қилиши ҳеч шубҳасиз. Адвокатуранинг нуфузининг ошиши инсон ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида сезиларли мажбуриятларга эга бўлади.

Адвокатлар ўз меҳнатини қадрлаб, уни юкслаштиришда тинмай меҳнат қилишлари, шахсни бузилган ҳуқуқларини тиклаб, адолатсизликлардан тўла ҳимоя қилиб юришлари эса ўз касбига берилган юксак баҳо бўлади десак муболаға бўлмайди.

 

Рустам Шукуров  - ҳуқуқшунос

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.