Наргиза Мансурова...
Опа билан ҳаётда кўришмадим, қизлари билан суҳбатда бўлдим. Ҳамкасбларининг фикрларини эшитдим. Ва бу аёл қисқа умрида беиз кетмаганлигини тушундим.
Дунёга келган бало, оғир дард Тошкент шаҳар 7-сон шифохонасининг катта ҳамширасини, малакали тиббиёт ходимини, 28 йил умрини беморларга бағишлаган инсонни орамиздан олиб кетди. Балки даволаниш давомида бу аёл билан ҳамсуҳбат бўлганлар орамизда бордир. 28 йил бир эшикдан кириб чиқиб ишлаган, касалликни ҳам иш жойида бемордан юқтирган Наргиза опа сўнгги нафасини хам ўша иш жойида чиқарди.
Азиз жони ўша қадрдон ишхонасида узилди. Аянчли. Аччиқ тақдир. Ёш умр. Етим қолган 3 фарзанд. Она боланинг сўнгги суҳбати ҳақида сўрадим. Наргиза опанинг сўнгги истаги ҳақида билгим келди.
- Она, нима егингиз келяпти, сизга нима олиб келай?!
-...
- Она, нима олиб келай?
- Ҳаво, менга ҳаво беринглар. Жон доктор, мени олиб қолинг, шу 3 фарзандимга керакман. Яшагим келяпти. Илтимос, мени олиб қолинг...
Жойингиз жаннатда, охиратингиз обод бўлсин!
Бу аёлнинг уч фарзандига ёрдам керак, касаллик сабаб вафот этган тиббиёт ходимларининг оила аъзоларига тўланиб берилиши керак бўлган бир марталик 250 млн сўмдан дарак йўқ.
Бир фарзанди турмушга чиққан, бири онаси билан бирга ишлаган, ҳамшира, контрактда ўқийди, кичиги 13 ёш. Ўзларининг уйи йўқ, отасиз. Давлат берган ваъдасида турар!?
Юлдуз Файзий,
журналист