Telegram орқали хайрия учун деб 10 миллион сўм ва 1400 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни фирибгарлик йўли билан ўзлаштираётган шахс Самарқанд шаҳрида қўлга олинди.
13 август куни Тошкент вилояти ИИББ 1-минтақавий ҳудуд бошлиғи номига Чирчиқ шаҳарда яшовчи Эъзозанинг отаси фуқаро Э.Гулметов ариза билан мурожаат қилади. У ўз аризасида номаълум аёл унинг қизи Эъзозага тегишли маълумотларни ўзлаштириш орқали Telegram'да ташкил этилган «Эъзозага ёрдам» гуруҳида ўзини гўёки Эъзозанинг онаси деб таништириб, фирибгарлик йўли билан хайрия пулларини ўзлаштираётгани ҳақида баён қилиб, унга тегишли чора кўришни сўрайди.
Ҳолат юзасидан ИИББ тезкор ходимлари борган суриштирувлар давомида ушбу аёлнинг Эъзозага ёки унинг яқин қариндошларига ҳеч қандай алоқаси йўқлиги аниқланади ва жиноятни барвақт олдини олиш мақсадида тезкор тадбир ташкил этилади.
Тадбирга ўз ихтиёри билан кўмаклашишга розилик билдирган Эъзозанинг отаси интернетдаги номаълум аёл билан шартли равишда «саховатли инсон» бўлиб телефон орқали мулоқотга киришади. Суҳбатда аёл Эъзозанинг онаси экани ва қизчанинг кунлик муолажалари учун зудлик билан 25 миллион сўм пул зарурлиги, унинг аҳволи оғирлиги ва ўзи Самарқанд вилоятида эканини айтиб, хайрия пулларини олиш учун Тошкент шаҳрида ички ишлар ходими бўлиб ишловчи танишини юборишини айтади.
Шундан сўнг, тадбирга ИИВ ЎХБ Тошкент вилояти бўйича бўлими ходимлари ҳам жалб этилади ва соат 17:30ларда белгиланган жойга келиб «саховатли инсон»га ўзини ички ишлар органларида хизмат қилувчи деб таништирган Шавкат исмли шахс хайрия сифатида берилаётган келишилган пулларни олаётган вақтида далилий ашёлар билан ушланади.
Текширув давомида, у аслида 1981 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган, «Самарқанд–Тошкент» йўналишида йўловчи ташиш билан шуғулланувчи Шавкат Б. экани ва бирон-бир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органда хизмат қилмаслиги аниқланади.
Ушланган шахс билан ўтказилган суҳбат давомида, унга номаълум аёл қўнғироқ қилиб, Тошкент шаҳрида 10 миллион сўм ва 1 400 АҚШ доллари миқдоридаги пуллари борлигини, фақат пулни олаётган одамига ўзини ИИО ходими деб таништиришини илтимос қилганини ва бунинг эвазига 200 минг сўм почта пули олишга келишганини маълум қилади.
Ҳайдовчи Шавкат Б. ўз ихтиёри билан тезкор тадбирни давом эттиришга розилик билдиради.
14 август куни Самарқанд шаҳрида тезкор тадбир давом эттирилиб, фирибгарликда гумонланувчи аёл ҳайдовчи Шавкатдан келишилган пулларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинади.
Фирибгарликда гумонланган шахс 2001 йилда туғилган, турмушга чиқмаган Самарқанд шаҳрида яшовчи М.М. эканлиги аниқланган.
Ўтказилган суҳбат давомида, у Telegram'да фаоллиги ва бир-биридан фарқ қилувчи 8та профилдан фойдаланиши, уларнинг 4таси АҚШ рақамларидан очилгани аниқланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан фуқаро М.М.га нисбатан Қибрай тумани ИИБ ТБ томонидан ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қўшимча қилинишича, ҳолат юзасидан воқеа жойларида туширилган тезкор тасвирлар яқин вақт ичида видео контент тарзида намойиш этилади.