Ҳоким қарорини сохталаштириб, йўқ бўлган уйларни 100 000 АҚШ долларга сотмоқчи бўлган бир гуруҳ шахслар ушланди

Улашиш:

Тошкент вилояти ИИББ Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ҳоким қарорини сохталаштириб, аслида йўқ бўлган уйларни 100 минг долларга сотмоқчи бўлган гуруҳ аъзолари жиноят устида, далилий ашёлар билан қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИББ Ахборот хизмати хабар бермоқда

Жорий йил 17 февраль куни Тошкент вилояти ИИББга Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро Р.Т. ариза билан мурожаат қилган. У мурожаатида Дилнура, Нодира ва Азиз исмли шахслар Нурафшон шаҳрида жойлашган (аслида ҳеч қаерда рўйхатда бўлмаган) 3 та ҳовлини кадастр ҳужжатларини қалбакилаштириб, 100 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлаётганини маълум қилиб, ушбу шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур аризага асосан, 19 февраль куни Тошкент вилояти ИИББ Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ходимлари ва соҳавий хизмат ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида Нурафшон шаҳрида яшовчи 1980 йилда туғилган Дилнура А. (ҳозирда фирибгарлик, ва пора бериш жиноятлари билан тергов остида бўлган), танишлари 1997 йилда туғилган Азиз Ғ. (2019 йилда фирибгарлик жинояти билан судланган), ва 1997 йилда туғилган Нодира И. лар ариза муаллифидан талаб қилинган пулларнинг 30 минг АҚШ долларини олаётган вақтида, вилоят ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан далилий ашёлар билан қўлга олинган.

Ушланган шахслардан: 30 минг АҚШ доллари миқдоридаги нақд пул, Нодира И. ва Гулнора А. номига расмийлаштирилган Нурафшон шаҳар “Наврўз” МФЙда жойлашган “18-А” ва “18-Б” рақамли ва Дилнура А. номига расмийлаштирилган “Истиқлол” МФЙда жойлашган 10-рақамли уйларнинг қалбакилаштирилган (ҳоким қарор ва бошқалар) кадастр ҳужжатлари холислар иштирокида далилий ашё сифатида расмийлаштирилиб олинган.

Ҳозирда қўшимча суруштирув ишлари олиб борилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.