Франциядаги ҳафталик “Charlie Hebdo” ҳажвий журналининг янги сони муқовасида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг карикатурасини чоп этди. Журналнинг бу сони бугун, 28 октябрда савдога чиқади. Бу ҳақда нашрнинг “Twitter” саҳифасида хабар қилинган.
Карикатура расмий Анқара ва Париж ўртасида дипломатик можаро авж олган бир вақтда эълон қилинди. Эрдўғаннинг Франция Президенти Эммануэль Макронга қарата айтган кескин танқидидан кейин Париж Анқарадаги элчисини чақириб олди. Шунингдек, Европа Иттифоқидан Турикяга нисбатан санкция жорий қилишни талаб қилди.
Шу билан бирга, Франция Ташқи ишлар вазирлиги сўнгги кунларда Эрдўғаннинг баёнотларининг “тажовузкор ва тоқат қилиб бўлмас”лигига қарамай, Франция бундай даражада тортишмоқчи эмаслиги ҳақида бир қатор баёнотларни берганди.
Хусусан, 25 октябрда Франция Ташқи ишлар вазирлигининг Европа ишлари бўйича давлат котиби Клемент Бон, 27 октябрда Европа ишлар ва ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги вазир-делегат Франк Риестер шундай баёнот берганди. Шу билан бирга, аввалроқ, Президент Макрон Париж пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)нинг карикатураларини нашр этишдан бош тортмоқчи эмаслигини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 октябрь куни Париж яқинидаги Конфлан-Сент-Онорин комуннасида тарих фани ўқитувчининг ўлдирилиши ортидан янада совуқлашди. Ўқитувчи дарсда ўқувчиларга буюк пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)нинг "Charlie Hebdo" журналида чоп этилган карикатурасини кўрсатади. Чеченистонда туғилган 18 ёшли Абдулак Анзоров ўқитувчи Самюэль Патига пичоқ билан ҳужум қилиб, уни ўлдиради. Орадан кўп ўтмай, полиция қотилни отиб ташлайди. Ушбу воқеа Макроннинг Ислом оламига қарши баёнотлар билан чиқиши ва мамлакатда сўз эркинлигини қўллаб-қувватлашига сабаб бўлди.
Шундан сўнг, Туркия ва араб давлатлари француз маҳсулотларига бойкот бошлади.
"Charlie Hebdo" иши
Франциянинг "Charlie Hebdo" сатирик ҳафталик нашри 2015 йил январь ойида таҳририятга қилинган ҳужумга сабаб бўлган пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)нинг карикатураларини жорий йилнинг 1 сентябрь куни қайта чоп этди. Нашр буни 12 кишининг ўлимига сабаб бўлган теракт бўйича суд жараёни бошланиши арафасида амалга оширди.
Гап шундаки, бундан 5 йил аввал "Charlie Hebdo" журнали Муҳаммад (с.а.в.)ни ҳажв қилиб чиққани учун, таҳририят террорчилик ҳаракати нишонига айланган эди. Унда 12 киши қурбон бўлди.
Ҳужум 2015 йилнинг 7 январь кунига тўғри келган.
2 сентябрь куни Францияда илк ҳужум билан боғлиқ суд иши бошланди. Унда 14 гумондор ҳозир бўлди. Суд тингловчи 10 ноябрга қадар давом этади.
"Charlie Hebdo” журналида муқаддас Ислом динининг сўнгги пайғамбари Муҳаммад (с.а.в.)нинг карикатураси чоп этилиши мусулмон мамлакатларнинг Францияга қарши эътирозига сабаб бўлиб, зиддиятларни оширмоқда. Бунга нисбатан Туркия ва Эрон муносабат билдирди.
Президент Эммануэль Макрон таҳририят ҳаракатларини сўз эркинлигининг ифодаси деб атади.