Президентлик пойгаси: финиш чизиғига оз қолди, рақиблар бир-бирини аямаяпти

Улашиш:

АҚШда президентлик сайловларига уч кун қолди (3 ноябрь). Дональд Трамп ва Жо Байден маррага оз қолганида, кўпроқ сайловчиларни ўзларига оғдириш учун, ҳар қачонгидан-да фаоллашган.

Ҳар икки номзод яқинда Буюк кўллар штатлари — Мичиган, Миннесота ва Висконсинга сафар уюштиришди. Анъанага содиқ рақиблар ўзаро айбловларни давом эттиришди.

Республикачи Трамп агарда ҳокимият демократлар қўлига ўтса, АҚШни бошбошдоқлик ва вайронагарчилик кутаётганини баён қилди. Байден эса, ҳар сафаргидек, рақибининг «нозик жойи»дан олди — Трампни мамлакатни коронавирус эпидемияси марказига айлантришда айблади.

«Дональд Трамп оқ байроқ кўтариб чиқиб, коронавирус олдида тиз чўкди. Эслаяпсизларми, у интервьюсида бу ўлимкор хавфни январь ойидаёқ билганини айтди. Бироқ ҳеч кимни бу ҳақда огоҳлантирмаган! Қўрқиб, талвасага тушиб қолган! Бироқ, мен, ундан фарқли ўлароқ, таслим бўлмайман», — деди Жо Байден.

«Байден билан америкаликларнинг келажаги йўқ! У бизнинг нефть саноатимизни йўқ қилишга қасам ичган. Қишда уйларимиз исимайди, ёзда кондиционерларимиз ишламайди — жазирмада қовуриламиз! На мактаблар, на битирув кечалари, на АҚШ мустақиллиги куни бўлади! Фақат бошбошдоқлик, вайронагарчилик»,—  деди Дональд Трамп унга жавобан.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.