«Шилқим ва ахлоқсиз». Пандемия даврида шуҳрат қозонган арбоб шов-шувли можаро ичида қолди

Улашиш:

Нью-Йорк штати губернатори Эндрю Куомо коронавирус пандемияси даврида кўп сонли америкаликларнинг меҳрини қозонди, айрим таҳлилчилар ҳатто давлат раҳбари Дональд Трампни ундан ибрат олишга чақирди. Баъзи бир сиёсатшунослар эса Куомони президентлик учун муносиб номзод деб баҳолади. Аммо кўп ўтмай омманинг севимли арбобига айланган губернаторнинг миси чиқди: бир неча аёл уни тегажоғликда айбламоқда.

Боз устига, коронавирусга чалинганлар билан боғлиқ рақамларни яшириш айблови ҳам юзага чиққан. Шу тариқа Куомо мисқоллаб йиққан обрўсини ботмонлаб сочмоқда. Айни пайтда ҳатто демократик партиядаги сафдошлари ҳам ундан юз ўгирмоқда. Куни кеча Нью-Йорк сенати раиси Андреа Стюарт-Казинс ундан истеъфо беришни сўради. Қуйи палата етакчиси Карл Ҳисти эса унинг бошқарувчилик салоҳиятини шубҳа остига олди.

Жорий йил февраль ойи охирида губернатор Куомога маслаҳатчилик қилган Линдси Бойлан исмли аёл собиқ раҳбарини шилқимлик ва ахлоқсизликда айблади. Бойланга кўра, 2016-2018 йилларда штат ҳукуматидаги фаолият давомида губернатор бир неча бор унинг аёллик шаънини поймол этувчи хатти-ҳаракатлар содир этган. Бир неча кундан кейин губернаторнинг бошқа бир собиқ ёрдамчиси Шарлотта Беннетт ҳам шу руҳдаги айбловни илгари сурди. Қайд этилишича, 63 ёшли Куомо 25 ёшли ходимасини тўшакка таклиф қилган. Бунинг ортидан яна уч аёл губернаторни фош қилувчи интервью берди.

Айни пайтда Нью-Йорк штати прокурори Летиция Жеймс ҳолат юзасидан текширув ишларини бошлаган. Президент Жо Байден маъмурияти ҳам текширув ўтказилишини қўллаб-қувватлади.

Губернаторнинг ўзи барча айбловларни рад этмоқда. Истеъфо хусусидаги талабни ҳам асоссиз деб ҳисобламоқда. Куомога кўра, уни сиёсатчилар эмас, балки халқ сайлаган. Қолаверса, у мухолифларига айбловлар юзасидан текширув хулосаларини сабр билан кутишни маслаҳат берган.

Нью-Йорк штати раҳбарига қарши даъво фақат шундангина иборат эмас. Куомо маъмурияти штатдаги қариялар уйида коронавирус туфайли юз берган ўлим ҳолатларини яшириш ва рақамларни камайтириб кўрсатишда ҳам гумонланмоқда. Федерал қидирув бюроси аллақачон COVID-19 келтириб чиқарган ўлим ҳолатлари статистикасини тафтиш этишга киришган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.