«Ипотека-банк» АТИБ Юнусобод филиали ва “BENEFIT TRADE GROUP” МЧЖ ўртасида 2018 йил май ойида кредит шартномаси имзоланган бўлиб, ушбу кредит шартномасига асосан “BENEFIT TRADE GROUP” МЧЖ га жами 34 та автотранспорт воситалари сотиб олиш учун 36 ой муддатга кредит ажратилган. Шунингдек, кредит маблағи ҳисобига сотиб олинган автотранспорт воситалари тўлиқ гаровга қўйилган.
Ажратилган кредит тўловлари “BENEFIT TRADE GROUP” МЧЖ томонидан ўз вақтида тўланмаганлиги сабабли филиал томонидан 2020 йил февраль ойида кредит қарздорликни ўз вақтида қайтарилмаётганлигини инобатга олиб, кредит тўловларни ундириш мақсадида гаровдаги мол мулкларга қаратиш бўйича Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилган.
Суд томонидан 2020 йил 16 февраль куни кредит бўйича қарздорликларни сўндириш учун автотранспорт воситалар ундирувига қаратиш бўйича қарор қабул қилинган ҳамда ижрочилар томонидан автотранспорт воситалари хатланган.
Кейинчалик “BENEFIT TRADE GROUP” МЧЖ томонидан автотранспорт воситалари фуқароларга ўрнатилган тартибда нотариал тасдиқланмаган ва давлат рўйхатидан ўтмаган шартномалар асосида ижарага берилганлиги аниқланиб, ушбу фуқаролар мурожаатлари асосида, 2020 йил 28 октябрь куни Тошкент туманлараро иқтисодий суди ишни янги очилган ҳолат бўйича иш қайта кўриб чиқиб, фуқароларни ишга учинчи шахс сифатида жалб қилган ва иш фуқаролик судида кўриб чиқиш учун тааллуқли бўлганлиги сабабли Иқтисодий судда ишни кўриб чиқиш тугатилган. Банк томонидан бугунги кунда юқоридаги қарздорга ажратилган кредитни суд тартибида гаров мулклари ҳисобидан ундириш ишлари давом этмоқда.
2020 йилнинг 6 ноябрь куни мажбурий ижро бюроси ходими банк филиалига автотрнаспорт воситаларини мажбурий ижро бюросига қайтариш юзасидан мурожаат қилган.
Шунингдек, ушбу вақтда “BENEFIT TRADE GROUP” МЧЖга тегишли бўлган ва банкка гаровга қўйилган (таъқиқда бўлган) автотранспорт воситаларини ўрнатилган тартибда нотариал тасдиқланмаган ва давлат рўйхатидан ўтмаган шартномалар асосида ижарага олган шахслар ҳам банк филиалига ташриф буюришган ҳамда уларда автотранспорт воситаларига нисбатан эгалик қилиш ҳуқуқи бўлмасада, авторанспорт воситаларини айнан уларга қайтариб беришни асоссиз талаб қилишган.
Банк ходимлари томонидан фуқароларга барча автотранспорт воситалари фақат мажбурий ижро бюросига қонуний тартибда топширилиши мумкинлиги ҳақида тушунтириш берилган.
Бироқ, фуқаролар томонидан жамиятда юриш-туриш қоидаларига риоя этилмасдан, жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи хатти-ҳаракатлар содир қилинган. Ҳолат банкда ўрнатилган видеокамераларга тўлиғича тасвирга олинган.
Ҳолат юзасидан ички ишлар органларига ўрнатилган тартибда мурожаат қилинган бўлиб, натижалари юзасидан қўшимча ахборот берилишини маълум қиламиз.
Ўз навбатида, Фуқаролик кодексининг 565-моддасида белгиланишича, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши кераклиги белгилаб қўйилган бўлиб, фуқароларимиздан автомототранспорт воситаларини харид қилишда тузилаётган битимларни албатта нотариал тартибда тасдиқланишини талаб қилишларини сўраймиз. Фирибгарларга алданиб қолманг!
Шу билан бирга, ижтимоий тармоқлар орқали текширилмаган ва бир тарафлама ёритилмаган материалларни тарқатмасликни блогерлардан илтимос қилиб қоламиз ҳамда «Ипотека-банк» АТИБ ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотларни тарқатганлик учун қонунда белгиланган чораларни кўришини билдириб ўтамиз.