Ўзбек боксчиси профессионал бокс оламининг янги юлдузи бўлади!

Улашиш:

Профессионал бокс мутахассислари ва мухлисларининг диққат марказида турган Сергей Ковалёв ва Бектемир Мелиқўзиев жанги ўзбек йигитининг профессионал бокс чўққисига кўтарилишидаги дастлабки қадам бўлади. Буни хорижлик экспретлар таъкидламоқда.

Маълумки, яна камарларни қайтариб олишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган Сергей Ковалёв аслида кубалик Салливан Баррерага қарши жанг қилиши керак эди. Бироқ айрим сабабларга кўра, режалар ўзгарди. Бу ҳар икки боксчи билан шартномага эга бўлган DAZN ва Golden Boy раҳбарларига ҳам маъқул келди. Чунки уларда бошқа вариант пайдо бўлган.

Ковалёв сўнгги жангида Сауль Альваресдан нокаутга учраганидан кейин юқоридаги икки компания унинг келажагига ишонмай қўйди. Супер ўрта вазннинг етакчиси бўлишга даъвогар Салливан Барреранинг ҳам ёши ўтиб қоляпти ва сўнгги учта жангдан иккитасида Дмитрий Бивол ва Жесси Хартга ютқазиб қўйди, Шон Монахан устидан қозонган ғалабаси эса, ёрқин чиқмади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, DAZN ва Golden Boy бундан буён ўзбекистонлик панчер Бектемир Мелиқўзиевнинг профессионал бокс оламида янги юлдузга айланишини билиб, унинг жангларига алоҳида урғу қаратишга қарор қилди. Бек бугунги куннинг етакчиларидан фарқли ўлароқ, анча ёш, ёрқин ва томошабоп жанг қилади ва ўта кучли зарба эвазига нокаут билан ғалаба қозонадиган боксчи. Бунақалар ҳар қандай мухлисни трансляцияларга михлаб қўяди.
Шу боис, ўз даврида суперчемпион бўлган Сергей Ковалёвга профбоксга яқинда қадам қўйган, лекин юқори салоҳиятга эга Бекни қўйишяпти. Яъни, уни кўтаришмоқчи.

Ковалёв бўлажак рақибидан 13 ёш катта. Гавда жиҳатидан ҳам бироз йирик. Тажрибаси бойлигини гапирмаса ҳам бўлади. Лекин унинг бу устунликлари Мелиқўзиевнинг шиддатли ҳужумлари, кучли иштиёқи ва зарворли зарбаларига дош бера олармикин?

Мелиқўзиев ҳаваскор боксда фантастик натижаларни қайд этган. У тўрт карра жаҳон чемпиони – кубалик Арлен Лопесни енгиш йўлини топа олмаган холос. Олимпиада ва жаҳон чемпионати финалида унга ютқазган. Мутахассислар буни рақибнинг жанг услуби ўта ноқулай бўлгани ва ўзбек боксчисининг унга мослаша олмагани билан изоҳлайди. Қолаверса, Бектемир осонлик билан енгган боксчилар ўз навбатида Арлен Лопесга рингда умуман имкон бермаган.

Бўлажак жангда Бектемирнинг асосий устунлиги чапақайлиги. Чап қўл зарбаси унинг энг хавфли қуроли. Ковалёв танага берилган зарбаларни кўтара олмаслигини Андре Уорд кўрсатиб қўйган. Ўзбек йигитининг жигарга йўллайдиган зарбасининг қанчалар оғриқли ва оғир эканини мексикалик Оскар Кортесдан сўраш керак. Кортес бу зарбадан кейин анчагача ўзига кела олгани йўқ.
Бўлажак жанг таҳлили ва тахмини билан шуғулланаётган мутахассислар Ковалёвга чидамлиликни оширишни маслаҳат бермоқда. Уларнинг таъкидлашича, Бектемирда ортиқча вазн йўқ ва унинг чарчаб қолишини кутиш нотўғри бўлади. Ўзбек боксчиси ёш ва сарфлаган энергияси 37 ёшли рус “айиғи”никига қараганда тезроқ тикланади. Бу хусусият 12 раундли жангларда муҳим аҳамият касб этади.

Қолаверса, Сергейнинг мураббийи Бадди Макгирт шогирдини Бектемирга қарши жангда масофа сақлашга чақирмоқда. Яқин ёки ўрта мусофадаги зарбалар алмашинувида Бекнинг муштига чидаб бўлмайди.

Шунингдек, Ковалёв бутун учрашув давомида диққатини йўқотмаслиги шарт, дейиляпти. Бу борада сўнгги жангларда муаммо кузатилганди. Элейдер Альваресдан фарқли равишда Мелиқўзиев рақибни ағдарадиган даражада кучли зарбага эга. Шундай экан, озгина эътиборсизлик жангнинг муддатидан олдин тугашига олиб келиши мумкин.
Юқоридаги кўрсаткичларни инобатга олган мутахассислар бўлажак жангда Бектемир Мелиқўзиевнинг имкониятини юқори баҳоламоқда. Бу бир томондан биз учун ёқимли. Лекин рингда нималар бўлишини олдиндан айтиб бўлмайди. Қолаверса, жанг ҳам рақиб майдонида эканини унутмаслик керак.



2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.